Тошкентда Дипломатия ва санъат галереяси очилди

Сентябрь 12, 2026. 12:30 • 3 дақ

69
Тошкентда Дипломатия ва санъат галереяси очилди
Тошкентда Дипломатия ва санъат галереяси очилди
Тошкентда Дипломатия ва санъат галереяси очилди
Тошкентда Дипломатия ва санъат галереяси очилди
Тошкентда Дипломатия ва санъат галереяси очилди
Тошкентда Дипломатия ва санъат галереяси очилди
Тошкентда Дипломатия ва санъат галереяси очилди
Тошкентда Дипломатия ва санъат галереяси очилди

ТОШКЕНТ, 12 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик сервис хизмати биносида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган Дипломатия ва санъат галереясининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Кўргазма Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Тошкент фотосуратлар уйи билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган элчихоналар ва дипломатик ваколатхоналар ходимлари иштирок этди.

Экспозиция дипломатик корпус вакилларини Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, миллий қадриятлари ва замонавий тасвирий санъати билан таништиради. Галереяда таниқли ва ёш ўзбек мусаввирларининг юртимиз ҳудудлари, табиати ҳамда маданий ҳаётининг ранг-баранглигини акс эттирувчи асарлари тақдим этилган.

“Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Махл ушбу кўргазма мамлакат жозибадорлигини санъат асарлари орқали кўриш имконини беришини таъкидлади.

— Бу ерда Ўзбекистоннинг турли гўшалари — Самарқанд, Орол денгизи, Қорақалпоғистон ва бошқа ҳудудларни тасвирлаган шунча мусаввирлар асарларини кўриш жуда ёқимли. Кўргазманинг дипломатик корпус иштирокида ўтаётгани алоҳида аҳамиятга эга. Турли мамлакатлар вакиллари Ўзбекистонни янги ракурсдан кўриш имкониятига эга бўлмоқдалар, — деди у.

Сабина Махлнинг сўзларига кўра, маданият халқаро англашув ва дипломатияни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.

— Маданият учун сўзларнинг ҳожати йўқ. Уни мусиқа ёки рангтасвир орқали етказиш мумкин ва бунинг учун умумий тил талаб этилмайди. Бу барчамиз инсон сифатида англай оладиган туйғудир, — дея таъкидлади БМТ координатори.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ҳам шу каби қўшма лойиҳаларни ўтказишнинг аҳамиятини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, экспозицияда таниқли ва ёш ижодкорларнинг асарлари ўрин олган бўлиб, уларнинг кўпчилиги хорижда шахсий ва жамоавий кўргазмаларда иштирок этишга улгурган.

— Бадиий академия Ташқи ишлар вазирлиги билан узоқ вақтдан бери яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Кўплаб хорижий лойиҳаларимиз айнан вазирлик кўмагида амалга оширилмоқда. Бугунги қўшма галерея ушбу ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлди, — деди Акмал Нур.

Унинг қўшимча қилишича, келажакда экспозиция форматини кенгайтириш ва ўзбек санъати билан нафақат дипломатик корпус вакилларини, балки Тошкентда фаолият юритаётган хорижий мутахассислар, компания ва ташкилотларни ҳам таништириш режалаштирилган.

Ташкилотчилар Дипломатия ва санъат галереяси маданий алмашинув, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг замонавий санъатини тарғиб қилиш учун яна бир муҳим майдонга айланишига ишонч билдирдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш