Самарқандда ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси якунланди

Сентябрь 06, 2026. 20:30 • 2 дақ

39
Самарқандда ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси якунланди
Самарқандда ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси якунланди
Самарқандда ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси якунланди

САМАРҚАНД, 6 сентябрь. /“Дунё” АА/. Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ҳамда Парламентлараро иттифоқ ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро конференцияда дунёнинг 60 та мамлакатидан ёш парламент аъзолари, 13 та халқаро ташкилот вакиллари – қарийб 250 нафар делегат қатнашди.

Икки кун давомида ёш парламент аъзолари бугунги куннинг долзарб масалаларини муҳокама қилиб, турли низоли шароитларда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш масалалари бўйича ўзаро фикр-мулоҳаза алмашди.

Конференция доирасида БМТ, Парламентлараро иттифоқ, халқаро фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, турли мамлакатлар парламент аъзолари иштирокида очиқ мулоқот ва панель муҳокамалар ўтказилди.

Мулоқот жараёнида ёшларни қарор қабул қилиш жараёнларига кенг жалб этиш, сиёсий билим ва кўникмаларини бойитиш, глобал муаммоларни ҳал этишда илғор усуллардан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, иқлим масалалари, рақамли трансформация ва сунъий интеллектдан унумли фойдаланиш бўйича ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берилди.

Конференция иштирокчилари Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорлиги тобора ривожланиб бораётганини юқори баҳолади.

Конференция якунида ёш парламент аъзолари томонидан якуний ҳужжатни қабул қилди. Унда бугунги глобал шароитда инсон ҳақ-ҳуқуқлари, адолат ва қадр-қимматни ҳимоя қилиш бўйича умумий мажбуриятлар белгилаб қўйилди.

Шунингдек, мазкур ҳужжатда можаролар шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, ёшлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, хотин-қизларнинг сиёсий билимини кенгайтириш, зўравонлик ва камситишнинг олдини олиш каби устувор йўналишлар белгиланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш