Россияда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 12 нафар ўзбекистонлик бола ватанга қайтарилди
Август 30, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 80
МОСКВА, 30 август. /“Дунё” АА/. Россиянинг турли ҳудудларида ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган ёки оғир ижтимоий аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларининг 12 нафар вояга етмаган фарзанди ватанга қайтарилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур инсонпарварлик тадбири Ўзбекистон элчихонаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакилларининг яқин ҳамкорлигида амалга оширилди.
Болаларнинг 8 нафари Москва вилоятидан, 1 нафари Чувашия Республикасидан, 1 нафари Москва шаҳридан, 1 нафари Новосибирск вилоятидан ва 1 нафари Тула шаҳридан олиб келинди.
Бортга кузатиш ва юбориш жараёнида масъул вазирлик ва идора ходимлари томонидан болаларнинг шахсини аниқлаш, ватанга қайтиш учун зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш, уларни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш ва бошқа ташкилий масалалар муваффақиятли ҳал этилди.
Элчихона ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тизимли равишда амалга оширилаётган бу каби тадбирлар мамлакатимиз фуқаролари, хусусан, вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда уларни манзилли ижтимоий муҳофаза билан қамраб олишга хизмат қилмоқда.
2026 йилнинг ўтган 8 ойи давомида Россиянинг турли ҳудудларидан ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган ёки оғир ижтимоий аҳволда қолган жами 38 нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Ҳозирда бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда ва яна 22 нафар болани юртимизга олиб келиш бўйича тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси