Швецияда ватандошимиз ташаббуси билан “Woman World Global – Sweden” халқаро ташкилоти ўз фаолиятини бошлади
Август 19, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 130СТОКГОЛЬМ, 19 август. /“Дунё” АА/. Швецияда ватандошимиз Озода Исломова ташаббуси билан “Woman World Global – Sweden” ташкилоти расман рўйхатдан ўтказилиб, ўз фаолиятини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тузилма турли мамлакатлар, маданиятлар ва касб соҳаларидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича халқаро платформа вазифасини бажаради.
Ташкилот муассиси Озода Исломованинг таъкидлашича, “Woman World Global – Sweden”нинг ташкил этилиши халқаро аёллар ҳамкорлигини ривожлантиришда янги босқични очади ҳамда Швеция, Ўзбекистон, Туркия, Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида барқарор алоқаларни шакллантиришга қаратилган.
Ташкилотнинг асосий миссияси аёлларнинг таълими ва касбий ривожланишига кўмаклашиш, аёллар етакчилиги ва тадбиркорлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашдан иборатдир.
— Биз “Woman World Global – Sweden” шунчаки ташкилот эмас, балки хотин-қизлар, жамиятлар ва мамлакатлар ўртасидаги ҳақиқий кўприк — янги билимлар, имкониятлар, шериклик ва халқаро ташаббуслар туғиладиган майдонга айланишига интиламиз. Илк тадбиримиз жорий йилнинг 15–16 август кунлари Лунд шаҳрида бўлиб ўтган “Торг” маданиятлараро фестивалида Ўзбекистон ва унинг бой маданияти тақдимоти билан иштирок этиш бўлди, — дейди Озода Исломова.
Келгуси босқичда ташкилот Швецияда ва ундан ташқарида ҳамкорлик тармоғини шакллантириш, давлат ва жамоат ташкилотлари, университетлар ҳамда халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, Европа ва халқаро грант дастурлари учун лойиҳалар тайёрлашга эътибор қаратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


