Ўзбекистонда келгуси беш йилда ЯИМ ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш режалаштирилган
Январ 06, 2026. 17:33 • 3 дақ
• 326ТОШКЕНТ, 6 январь. /“Дунё” АА/. Оммавий ахборот воситалари учун Контент тайёрлаш марказида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси жараёнлари бошланиши муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур анжуманда етакчи экспертлар, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари масъуллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда қайд этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномасида эришилган улкан натижалар, янги устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётганини таъкидлаган эди. Шу маънода, мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолимизнинг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилиши зарурлиги айтилган.
2023 йилда қабул қилинган бу дастурий ҳужжат барча соҳа ва тармоқларда улкан натижаларга замин яратмоқда. Камбағаллик даражаси 11 фоиздан 6,8 фоизга, ишсизлик 6,8 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми 103 миллиард доллардан 145 миллиард долларга етди, экспорт ҳажми 25 миллиард доллардан 33,4 миллиард долларга, хорижий инвестициялар ҳажми 17 миллиард доллардан 43 миллиард долларга ошди.
Икки йил олдин 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган эди. Энди бу маррага 2026 йилнинг ўзида эришилиши кутилмоқда. Мурожаатномада келгуси беш йилда иқтисодиётимиз ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш имконияти борлиги таъкидланди. Яъни барча соҳалар бўйича юқори марралар олиняпти.
2023 йилда аҳолимиз сони 36,7 миллион нафарни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 41 миллионга етиши прогноз қилинмоқда. Ҳар бир янги мақсадни ушбу ўсишни инобатга олиб белгилаш бугунги куннинг муҳим талаби ҳисобланади.
Ушбу ўзгариш ва натижаларни ҳисобга олиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда илмий марказларнинг 350 нафардан ортиқ вакиллари иштирокида Стратегиядаги барча 444 та самарадорлик кўрсаткичи бугунги кун нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилди.
Матбуот анжуманида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўзга чиқиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши, унда белгиланган вазифаларнинг янгиланиши мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
“Сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида муайян ютуқларга эришилди, бир вақтнинг ўзида эса ҳаётнинг ўзи янги вазифалар, янги талаблар ва янги чақириқларни кун тартибига қўймоқда. Шу боис стратегияни мавжуд реал шароит, жамият эҳтиёжлари ҳамда жадал ўзгараётган глобал тенденциялардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда. Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсади “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғояни амалий мазмун билан бойитган ҳолда, мамлакатнинг ўрта муддатга мўлжалланган ривожланиш йўлини янада самарали, натижага йўналтирилган ва ҳисобдор тизим асосида давом эттиришдир”, – дейди Элдор Туляков.
Анжуман давомида такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси uzbekistan2030.uz ва regulation.gov.uz платформаларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши, унга ўз таклиф ва мулоҳазалари билан иштирок этиш бўйича маълумот берилди.
Матбуот анжумани якунида масъуллар журналистларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб қайтарди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


