Пусандаги халқаро фестивалда Ўзбекистон миллий стенди намойиш этилди
Май 30, 2026. 13:30 • 2 дақ
• 4ПУСАН, 30 май. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида “Global Citizen Festival in Busan 2026” халқаро фестивали ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимиз элчихонаси мазкур нуфузли халқаро тадбирда Ўзбекистон миллий стенди билан фаол иштирок этиб, юртимизнинг бой маданий мероси, кўп асрлик миллий анъаналари ҳамда бетакрор туризм салоҳиятини кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилди.
Дипломатик ваколатхона томонидан миллий қадриятларимизга хос тарзда, юксак дид билан безатилган стендда ўзбек миллий либослари, нодир халқ амалий санъати маҳсулотлари, республикамизнинг бой сайёҳлик имкониятларига доир маълумот берувчи тарқатма материаллар, шунингдек, миллий таомларимиз намойиш этилди.
Фестиваль доирасида Ўзбекистон миллий стендига ташриф буюрган кореялик нуфузли соҳа вакиллари ўз таассуротларини баён қилдилар. Хусусан, Жанубий Кореянинг машҳур “BeFM” радиоканали раҳбари Чжон Ёнг У шундай деди:
“Бугунги нуфузли тадбир орқали Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, қадимий анъаналари ва халқ амалий санъатининг бетакрор намуналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдим. Айниқса, нафис ипак маҳсулотлари ва бетакрор ҳунармандчилик асарлари мамлакатингизнинг ўзига хос маданий қиёфасини янада теранроқ англашимга хизмат қилди”.
Жанубий Корея Халқаро мода алмашинуви уюшмаси раҳбари Чин Хянг Ча ҳам ўзбек миллий матоларининг жозибасига юқори баҳо берди:
“Фестиваль доирасида ташкил этилган Ўзбекистон экспозицияси менда жуда илиқ таассурот қолдирди. Кўргазмада намойиш этилган миллий матолар, ҳунармандчилик намуналари ва туризмга оид ахборот материаллари мамлакатингизнинг бой маданий мероси ҳамда кўп асрлик анъаналарини яққол акс эттириб турибди. Айниқса, Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларга бағишланган материаллар Ўзбекистоннинг нафақат Марказий Осиё, балки жаҳон цивилизацияси тараққиётида тутган муҳим ўрни ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш имконини берди. Бундай лойиҳалар халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонаман”.
Шубҳасиз, мазкур халқаро анжуманда Ўзбекистоннинг кенг қамровли иштироки юртимизнинг туризм жозибадорлигини ошириш ҳамда Жанубий Корея билан маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини янада изчил ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





