Краснодардаги ватандошлар Қурбон ҳайитини биргаликда нишонлади
Май 30, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 20КРАСНОДАР, 30 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Россиянинг Краснодар шаҳрида ватандошлар учун Қурбон ҳайити муносабати билан хайрия тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда вақтинчалик ҳаётий қийинчиликларга дуч келган ватандошлар, меҳнат мигрантлари ҳамда Краснодар ўлкасидаги олий таълим муассасалари талабалари иштирок этди.
Иштирокчиларга ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистоннинг хориждаги ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётгани маълум қилинди. Қаерда бўлишидан қатъий назар, ҳар бир ватандошнинг ҳақ-ҳуқуқи, фаровонлигини таъминлаш мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди.
Мулоқот давомида ватандошларнинг меҳнат шароитлари, таҳсил олаётган ёшларнинг таълим жараёни билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди. Фуқароларга консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича батафсил тушунтиришлар берилиб, кўмак бериш механизмлари тўғрисида маълумот тақдим этилди.
Учрашув давомида ҳамюртлар байрам кунларида кўрсатилган эътибор, ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлаш учун самимий миннатдорлик билдирди.
Юртдошлар бундай учрашувларни Ватан сарҳадларидан ташқарида ўтказишнинг аҳамияти юксак экани, бу каби тадбирлар ватандошларни бир даврага бирлаштиришини алоҳида қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






