Озарбайжондан муносабат: Минскка ташриф Ўзбекистоннинг кўп векторли ташқи сиёсатининг мантиқий давоми бўлди
Июль 10, 2026. 15:30 • 4 дақ
• 3
БОКУ, 10 июль /“Дунё” АА/. Озарбайжонлик сиёсий шарҳловчи, халқаро эксперт Мурад Сададдинов “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига амалга оширган расмий ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Ўзбекистон Президентининг Беларусга амалга оширган ташрифи МДҲ ҳудудидаги муҳим сиёсий воқеалардан бири ҳисобланади. Музокаралар марказида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, саноат кооперацияси, инвестициявий шериклик, транспорт-логистика ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари турди.
Бироқ мазкур ташрифнинг аҳамияти анъанавий дипломатик кун тартибидан анча кенгдир. Жаҳон миқёсидаги вазият шиддат билан ўзгараётган бир пайтда бундай муҳим учрашувлар Евроосиёда ҳамкорликнинг янги меъморчилиги шаклланаётганини акс эттирмоқда. Мазкур жараёнда давлатлар тобора кўпроқ прагматизм, иқтисодий самарадорлик ва миллий манфаатларини ҳимоя қилиш тамойилларига таянмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига ташрифи кенг кўламли иқтисодий трансформация даврини бошдан кечираётган ҳамда стратегик шериклар доирасини кенгайтиришга интилаётган Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон МДҲ ҳудудидаги энг жадал ривожланаётган иқтисодиётлардан бирига айланди. Мамлакат саноатни модернизация қилмоқда, хорижий инвестицияларни жалб этмоқда, экспорт салоҳиятини кенгайтирмоқда ҳамда халқаро иқтисодий жараёнларга изчил интеграциялашмоқда. Бу вазифаларни амалга ошириш учун Тошкентга янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш ечимлари ва ишончли бозорлар зарур.
Шу нуқтаи назардан, Беларусь Ўзбекистон учун катта қизиқиш уйғотади. Мураккаб халқаро вазиятга қарамай, Беларусь қишлоқ хўжалиги техникалари, юк автомобиллари, карьер самосваллари, лифт ускуналари, электротехника ва машинасозлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўз ичига олган қудратли саноат мажмуасини сақлаб қолган. Ушбу йўналишларнинг аксарияти Ўзбекистон иқтисодиётини кенг кўламли модернизация қилиш дастури доирасида катта талабга эга.
Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик оддий савдо муносабатларидан анча илгарилаб кетган. Гап қўшма корхоналар ташкил этиш, Беларусь техникасини Ўзбекистон ҳудудида маҳаллийлаштириш, мутахассислар тайёрлаш ва технологиялар алмашинуви ҳақида бормоқда. Шунинг учун ҳам навбатдаги ташриф анъанавий савдо муносабатларидан янада чуқур саноат интеграциясига ўтишнинг муҳим босқичига айланди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам катта истиқболлар очилмоқда. Ўзбекистон аграр соҳани изчил ривожлантирмоқда, ерга ишлов беришнинг замонавий усулларини жорий этмоқда ва қишлоқ хўжалиги техникалари паркларини янгиламоқда. Беларусь бу соҳада катта тажриба ва ишлаб чиқариш имкониятларига эга бўлиб, ҳамкорликни ўзаро манфаатли руҳ бағишлайди.
Транспорт-логистика йўналиши ҳам бундан кам аҳамиятга эга эмас. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон анъанавий равишда транспорт йўналишларини кенгайтириш ва янги экспорт йўлакларини яратишдан манфаатдор. Шарқий Европанинг муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашган Беларусь ўзбек маҳсулотларини Европа бозорларига етказиб бериш тизимида қўшимча бўғинга айланиши мумкин.
Ўзбекистоннинг демографик салоҳияти ҳам муҳим омил ҳисобланади. Мамлакат аҳолиси ўсишда давом этмоқда. Бу ички бозор ҳажмининг кенгайиши, инфратузилма, транспорт, қурилиш ва саноат ускуналарига бўлган эҳтиёжнинг ортишини англатади.
Сиёсий нуқтаи назардан ҳам мазкур ташриф катта аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёев қўшни Марказий Осиё давлатлари билан ҳам, бутун Евроосиё маконидаги шериклар билан ҳам муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган кўп векторли ташқи сиёсатни изчил амалга оширмоқда. Беларусь билан ҳамкорликни ривожлантириш ушбу стратегияга тўла мос келади.
Тошкент учун нафақат иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, балки миллий манфаатларга асосланган мустақил ва прагматик ташқи сиёсат юритиш қобилиятини намоён этиш ҳам муҳимдир. Шу боис Минскка ташрифни Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг асосий марказларидан бири сифатидаги мақомини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли стратегиясининг бир қисми сифатида баҳолаш лозим.
Боку нуқтаи назаридан ҳам бу жараёнлар алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Бугунги кунда Озарбайжон ва Ўзбекистон қардош давлатлар ҳамда стратегик шериклар бўлиб, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар давлат раҳбарлари ўртасидаги самимий ва ишончли муносабатлар туфайли юксак даражага кўтарилган.
Шунинг учун ҳам Озарбайжонда Тошкентнинг халқаро фаоллиги кенгайиб бораётгани, унинг Евроосиё маконидаги мавқеи мустаҳкамланаётгани катта қизиқиш билан кузатилмоқда. Ўзбекистон олиб бораётган сиёсат ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Минскдаги музокаралар якунлари бўйича янги инвестициявий, технологик ва ишлаб чиқариш соҳаларига оид келишувлар имзоланиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистон учун индустриаллашувни жадаллаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва замонавий технологияларни жалб қилиш бўйича қўшимча имкониятлар яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси