Будапештдан муносабат: Ўзбекистоннинг кўпвекторли ташқи сиёсати Евроосиёдаги иқтисодий ҳамкорликни кучайтирмоқда
Май 30, 2026. 10:41 • 3 дақ
• 5
БУДАПЕШТ, 30 май. /“Дунё” АА/. Венгрия халқаро муносабатлар институти етакчи илмий ходими Шандор Шеремет “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистон Президентининг кузатувчи давлат раҳбари мақомида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштироки хусусида фикр билдирди:
– Евроосиё иқтисодий кенгаши ҳозирги кунда собиқ иттифоқ ҳудудида энг самарали фаолият кўрсатаётган минтақавий бирлашмалардан бири ҳисобланади. У Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасида жойлашган ҳамда нисбатан кенг иқтисодий интеграцияга эга.
Геосиёсий жараёнлардаги беқарорлик ва сўнгги йиллардаги сиёсий мураккабликларга қарамасдан, ЕОИИ иқтисодий ўсишни давом эттирмоқда: айрим соҳаларда мўътадил, айниқса қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда эса сезиларли даражада. Иттифоқ доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи учун ягона бозор шакллантирилиши иштирокчи давлатларга кенг имкониятлар яратади. Жумладан, божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилгани сабабли товарлар ҳаракати анча енгиллашган. Бундай ҳолат меҳнат бозорига ҳам тааллуқли.
Шу нуқтаи назардан, жадал ривожланаётган Марказий Осиё давлати сифатида Ўзбекистон учун бундай минтақавий бирлашмалар билан амалий ва прагматик ҳамкорликни йўлга қўйиш, ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолиятда кўпвекторли ёндашувни сақлаш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон учун ўз маҳсулотларини барқарор сотиш бозорлари ҳамда стратегик импорт манбалари жуда муҳим ҳисобланади. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистоннинг бешта йирик савдо ҳамкорлари орасида Қозоғистон ва Россия ЕОИИ аъзолари ҳисобланади. Шунингдек, ушбу давлатлар ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун ҳам асосий йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу эса Иттифоқ билан алоқаларни мустаҳкамлашни иқтисодий жиҳатдан мантиқий ва мақсадга мувофиқ қилади.
Айни пайтда Тошкент нафақат савдони кенгайтириш, балки саноатни ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан ҳам манфаатдор. Бу эса хорижий инвестициялар жалб этиш ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришни талаб қилади.
ЕОИИ билан прагматик ҳамкорлик, истиқболда божхона ва транспорт тартибларини янада енгиллаштириши мумкин бўлиб, Ўзбекистоннинг логистика салоҳиятини сезиларли даражада оширади ҳамда мамлакатнинг минтақавий транспорт йўлакларидаги ўрнини мустаҳкамлайди – ҳам Шимол–Жануб йўналиши, ҳам Ўрта йўлак доирасида. Бу борада Қозоғистон ва Қирғизистоннинг ЕОИИ аъзоси сифатида Ўзбекистонга қўшни экани ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Фикримча, кўпвекторли ёндашув Тошкент ташқи иқтисодий стратегиясининг ҳал қилувчи элементи бўлиб қолмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши саммитида иштирок этиши эса мамлакат иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватлаш ва асосий минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган асосли қадам сифатида баҳоланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

4–6 июнь кунлари Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади

Ўзбекистон ва ЕОИИ: глобал иқтисодий ўзгаришлар шароитида амалий ҳамкорликни кенгайтириш


