Хитойдан муносабат: Ўзбекистон–Озарбайжон муносабатлари икки давлат етакчилари саъй-ҳаракатлари туфайли стратегик даражага кўтарилди
Май 20, 2026. 19:25 • 2 дақ
• 96
ПЕКИН, 20 май. /“Дунё” АА/. Пекин халқаро мулоқот клуби бош котиби Хань Хуа “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 17–18 май кунлари Боку шаҳрига амалий ташрифи ҳамда Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси тадбирларидаги иштироки хусусида ўз муносабатини билдирди:
– Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидаги жараёнларни диққат билан кузатаётган хитойлик экспертлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар жадал ва барқарор суръатларда ривожланаётганини алоҳида қайд этмоқда. Бу ҳамкорлик, аввало, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик даражасига кўтарилди.
Икки давлат ўртасидаги муносабатлар чинакам қардошлик ва ўзаро ишонч руҳида ривожланмоқда. Шу боис мамлакат етакчилари деярли ҳар йили ўзаро ташрифлар амалга ошириб, халқаро майдонларда ҳам мунтазам учрашувлар ўтказиб келмоқда. Бу эса ҳамкорликнинг барча йўналишларига янги суръат бағишламоқда.
Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўн баробарга ошди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда Озарбайжон сармояси иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони қарийб 500 тага етди.
Томонлар БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Озарбайжоннинг 2025 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига таклиф қилиниши ва унда тўлақонли иштирокчи сифатида қатнашиши икки томонлама муносабатларда муҳим воқеа бўлди.
Ўзбекистон Озарбайжон ҳудуди орқали Европага юк ташишни таъминлайдиган Транскаспий халқаро транспорт йўлаги доирасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан ҳам манфаатдор.
Шу нуқтаи назардан, давлат раҳбарининг Озарбайжон Президенти таклифига биноан Боку шаҳрига амалий ташрифи икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим ва ўз вақтидаги қадам сифатида баҳоланмоқда.
Айни пайтда, Ўзбекистон Президентининг Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси доирасидаги Етакчилар саммитида иштироки ҳам ғоят аҳамиятлидир. Чунки шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш, иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш каби масалалар Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишлари билан тўлиқ уйғун ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Душанбедан муносабат: Ўзбекистон урбанизация соҳасини давлат тараққиётининг муҳим йўналиши сифатида баҳоламоқда

Бокудан муносабат: WUF-13да Ўзбекистондаги урбанизация ислоҳотлари яққол намоён бўлди


