Чехиядан муносабат: Тошкент инвестиция форуми Марказий Осиёнинг энг нуфузли майдонига айланди
Июнь 23, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 8
ПРАГА, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Прага Метрополитен университети менежери, иқтисодиёт фанлари доктори Ярослав Ҳалик “Дунё” АА мухбирига 16–18 июнь кунлари мамлакатимизда бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Ўзбекистонда бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форуми Марказий Осиё минтақасининг энг нуфузли инвестиция майдонига айланди. Форум доирасида Ўзбекистон халқаро инвесторлар, аввало трансмиллий корпорациялар, тараққиёт банклари ва давлат инвестиция жамғармаларига умумий қиймати тахминан 75 миллиард еврога тенг бўлган аниқ инвестиция таклифлари ҳамда истиқболли лойиҳаларни тақдим этди.
Тадбирда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан 3400 нафардан зиёд хорижий делегат иштирок этди. Форум кун тартибидан энергетика соҳасини трансформация қилиш, стратегик ва ноёб минерал ресурслар, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, давлат бошқарувини рақамлаштириш, халқаро транспорт-логистика ва таъминот занжирларини ривожлантириш каби долзарб масалалар ўрин олди.
Форумнинг муҳим таркибий қисмини Хорижий инвесторлар кенгашининг тўртинчи пленар йиғилиши ҳамда мамлакатнинг инвестиция салоҳиятини намоён этувчи саноат кўргазмаси ташкил этди. Шунингдек, Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Озарбайжон ва Бирлашган Араб Амирликлари делегациялари иштирокида ташкил этилган алоҳида панель сессиялари янги инвестиция имкониятларини яратди.
TХИФ-2026 доирасида Чехия томонидан тайёрланган ҳамкорлик ҳужжатлари тўплами таълим соҳасидаги лойиҳаларни ҳам қамраб олди. Уларнинг мақсади Чехия ва Ўзбекистон иштирокидаги қўшма саноат корхоналари учун юқори малакали ўзбек мутахассисларини тайёрлашдан иборат.
Умуман олганда, V Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг иқтисодий қудрати, инвестициявий салоҳияти ва макроиқтисодий барқарорлигини яна бир бор намоён этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси