Исломободдан муносабат: Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар очмоқда
Июнь 21, 2026. 12:00 • 3 дақ
• 96
ИСЛОМОБОД, 21 июнь. /“Дунё” АА/. Покистондаги “Умумий келажак жамияти” таҳлилий маркази ижрочи директори Холид Таймур Акрам “Дунё” ААга 16–18 июнь кунлари юртимизда бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Халқаро инвесторлар форумининг навбатдаги ялпи йиғилиши мамлакатнинг инвестиция сиёсатидаги изчиллик ва очиқликни яна бир бор намоён этди. Ушбу тадбир нафақат Ўзбекистон иқтисодиётининг бугунги ҳолатини, балки унинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиясини ҳам халқаро бизнес ҳамжамиятига яққол намоён қилди.
Давлат раҳбари ўз нутқида инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, давлат бошқарувини рақамлаштириш ҳамда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратди. Бу ёндашув замонавий глобал иқтисодиётнинг асосий талабларига тўлиқ жавоб беради.
Айниқса, хорижий сармоядорлар билан очиқ мулоқот формати йўлга қўйилгани эътиборга лойиқ. Инвесторларнинг таклиф ва муаммоларини тўғридан-тўғри давлат раҳбарияти даражасида муҳокама қилиш амалиёти ишонч муҳитини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса халқаро бизнес учун барқарор ва прогноз қилинадиган инвестиция муҳитини шакллантиришга ёрдам беради.
Ўзбекистоннинг саноатни модернизация қилиш, “яшил” энергетикани ривожлантириш, транспорт-логистика инфратузилмасини кенгайтириш ва инсон капиталига сармоя киритиш борасидаги устувор вазифалари минтақанинг иқтисодий келажагини белгилаб берувчи муҳим йўналишлар ҳисобланади.
Покистон нуқтаи назаридан қараганда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар очмоқда. Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт йўлакларини ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини қўшма тарзда амалга ошириш икки мамлакат манфаатларига тўлиқ мос келади.
Биз Ўзбекистоннинг минтақавий интеграцияни кучайтириш, ўзаро боғлиқликни ошириш ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз. Хорижий инвесторлар кенгаши доирасида илгари сурилган ташаббуслар нафақат Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга, балки бутун Евроосиё маконида инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Шубҳасиз, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ислоҳотлар сиёсати Ўзбекистонни халқаро инвестициялар учун жозибадор марказга айлантиришга хизмат қилишда давом этади.
Покистон эксперт доиралари мамлакатнинг очиқ, прагматик ва келажакка йўналтирилган иқтисодий сиёсатини юқори баҳолайди ҳамда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик янада мустаҳкамланишига ишонч билдиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси