Душанбедан муносабат: Ўзбекистон Евроосиёда янги иқтисодий макон архитектурасини шакллантирмоқда
Июль 10, 2026. 18:30 • 3 дақ
• 70
ДУШАНБЕ, 10 июль. /“Дунё” АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8–9 июль кунлари Беларусга амалга оширган расмий ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Замонавий геоиқтисодий шароитда Ўзбекистон ташқи алоқаларнинг анъанавий моделидан стратегик ҳамкорлик ва давлат манфаатларини илгари суришга қаратилган фаол ёндашувга ўтмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Грузия ва Беларусга амалга оширган ташрифлари тасодифий ёки бир-биридан мустақил дипломатик сафарлар эмас. Улар Ўзбекистоннинг саноат кооперацияси, транспорт-логистика боғлиқлиги ва минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ягона стратегиясининг узвий қисмидир.
Грузияга ташрифни ушбу стратегиянинг ўзига хос пойдевори сифатида кўриш мумкин. Ўзбекистон Кавказ транзит йўлаги ва Қора денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини таъминлаб, муҳим логистика тизимини яратди ва мамлакатни Марказий Осиёни Европа бозорлари билан боғлайдиган глобал таъминот занжирларининг фаол иштирокчисига айлантирди.
Ўзбекистон раҳбарининг Беларусга ташрифи ва Стратегик шериклик тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши ушбу тузилмани мустаҳкамловчи муҳим ҳужжат бўлди. Икки томонлама муносабатлар энди оддий савдо доирасидан узоқ муддатли геосиёсий иттифоқ форматига ўтказилди.
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги шериклик алоқаларининг кенгаяётганини статистик рақамлардан ҳам билиш мумкин. Хусусан, ўзаро савдо ҳажми 2025 йилда 25 фоизга, 2026 йилнинг биринчи чорагида эса қарийб 50 фоизга ошди. Жорий йилда кутилаётган 1 миллиард долларлик товар айирбошлаш ҳажмини 2030 йилга қадар 2 баробарга ошириш режалаштирилган.
Беларусь нафақат ривожланган саноат, фармацевтика ва давлат бошқарувини рақамлаштириш соҳаларидаги тажрибаси, балки машинасозлик ва атом энергетикаси каби юқори технологияли тармоқлардаги салоҳияти билан ҳам ажралиб туради. Бу имкониятлар Ўзбекистонда жадал саноатлаштириш жараёнларини қўллаб-қувватлаш ва замонавий ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади. Шу маънода Беларусь Ўзбекистоннинг ишончли технологик ҳамкори сифатида намоён бўлмоқда.
Ушбу йўналишларнинг ўзаро уйғунлиги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли минтақалараро ҳамкорлик жараёнларини стратегик асосда бошқаришнинг янги босқичига чиққанини кўрсатмоқда. Мамлакат 2030 йилга қадар ривожланиш устуворликларини мустақил белгилаб, қайси транспорт йўлаклари ва технологиялар миллий тараққиётнинг асосий таянчи бўлишини аниқ мақсадли сиёсат орқали шакллантирмоқда.
Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни таъминлаш, қатъий сиёсий ирода ва саноат салоҳиятининг уйғунлашуви эса Ўзбекистоннинг Евроосиёда янги иқтисодий маконни шакллантириш жараёнларида фаол ташаббускор ва муҳим иштирокчи сифатидаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини ифодалайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси