БМТда муносабат: Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюция муҳим стратегик аҳамиятга эга
Август 09, 2026. 12:01 • 3 дақ
• 45
НЬЮ-ЙОРК, 9 август. /“Дунё” АА/. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган “Ижтимоий тараққиётни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
БМТ бош котибининг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаментида сиёсатни мувофиқлаштириш бўйича ёрдамчиси Бьорг Сандкернинг мазкур резолюция юзасидан билдирган фикрлари ҳам ушбу ҳужжатнинг долзарблиги ва стратегик аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.
Бьорг Сандкернинг фикрича, бугунги кунда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш нафақат иқтисодий ўсиш, балки кучли давлат институтлари, самарали бошқарув ва кенг жамоатчилик манфаатларини ифода этадиган парламентлар фаолияти билан ҳам бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, мазкур резолюция парламентларни халқаро мажбуриятларни миллий қонунчиликка, давлат сиёсатига ва бюджет устуворликларига самарали татбиқ этувчи муҳим институт сифатида эътироф этади.
Резолюциянинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартиби ҳамда 2025 йилда қабул қилинган Доҳа сиёсий декларациясида белгиланган устувор вазифалар билан уйғун ҳолда қабул қилинди. Хусусан, қашшоқликни қисқартириш, муносиб меҳнат ва тўлиқ бандликни таъминлаш, ижтимоий интеграцияни кучайтириш каби вазифаларнинг амалий ижросида парламентларнинг фаол иштироки алоҳида аҳамият касб этади.
Эксперт таъкидлаганидек, парламентлар аҳоли манфаатларини ифода этиш, давлат органлари фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш ҳамда инклюзив давлат сиёсатини шакллантириш орқали жамиятда адолат, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса қабул қилинаётган қарорларда барча қатламлар манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлайди.
Шу билан бирга, мазкур резолюция БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти фаолияти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Департамент давлатларга таҳлилий ёрдам кўрсатиш, илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш, институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш ва техник ҳамкорликни ривожлантириш орқали резолюцияда белгиланган вазифаларни амалга оширишга кўмаклашишини билдирмоқда.
Энг муҳими, ушбу ҳужжатнинг ҳақиқий қиймати ундаги сиёсий баёнотлар билан эмас, балки унинг натижасида инсонлар ҳаётида юз берадиган ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади. Аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий адолатни таъминлаш, имкониятлар тенглигини кенгайтириш ва ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик каби тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш мазкур резолюциянинг асосий мақсадини ташкил этади.
БМТ вакили Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган мазкур резолюция мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш билан бирга, парламент дипломатияси ва ижтимоий ривожланиш соҳасидаги глобал ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишини алоҳида таъкидлади.
Бу миллий тараққиёт мақсадларини халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, инсон қадри ва ижтимоий адолатни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси