Ўзбекистоннинг Мадрас технология институти билан ҳамкорлик алоқалари фаоллашмоқда

Май 05, 2024. 11:37 • 2 дақ

• 303
Ўзбекистоннинг Мадрас технология институти билан ҳамкорлик алоқалари фаоллашмоқда

ЧЕННАЙ, 5 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Тамил Наду штатига амалий ташрифи доирасида Мадрас технология институти (Indian Institute of Technology Madras - IITM) директори профессор Вижинатан Камакоти билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Вижинатан Камакоти Ўзбекистонда сўнгги йилларда таълим соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотларни юқори баҳолаб, IITM мамлакатимиз билан ушбу йўналишдаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

Томонлар замонавий, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакаси ва салоҳиятини юксалтириш, олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро алмашув дастурларини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек ўқинг

Дастлабки босқичда Ўзбекистон олий билим юртлари ва IITM мутахассислари ўртасида онлайн шаклда мулоқотлар ўтказиш, ҳамкорлик шакллари ва асосий йўналишларини белгилаб олиш, сўнгра ўзаро амалий ташрифларни ташкил этиш юзасидан якдил фикр билдирилди.

Вижинатан Камакоти Ўзбекистон элчиси томонидан республикамиз етакчи техника олий билим юртлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон-Ҳиндистон олий профессионал таълим академиясини (Skill Academy) ташкил этиш бўйича илгари сурилган таклифни қўллаб қувватлади. Мазкур олий таълим муассасасида бакалавр ва магистр даражаларидаги амалиётчи мутахассислар тайёрлаш, PhD илмий унвонини олиш учун аспирантлар таҳсили, илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиш жараёнини ташкил этиш мумкин бўлади.

Учрашув чоғида Мадрас технология институти директори, ўз навбатида, IIT Madras Research Park ва Ўзбекистоннинг манфаатдор инновацион парклари ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатишни таклиф қилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш