Шотландиянинг етакчи университетлари билан академик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди

Ноябрь 16, 2026. 16:30 • 2 дақ

• 52
Шотландиянинг етакчи университетлари билан академик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди
Шотландиянинг етакчи университетлари билан академик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди
Шотландиянинг етакчи университетлари билан академик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди

ЭДИНБУРГ, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Шотландияга хизмат сафари доирасида Глазго ва Эдинбург университетлари вакиллари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида академик алоқаларни мустаҳкамлаш, илмий-таълимий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ҳамда таълим йўналишларида қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Глазго университети Буюк Британиянинг қадимий ва нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университет 1451 йилда ташкил этилган. У “Russell Group” – Буюк Британиянинг етакчи тадқиқот университетлари гуруҳи аъзоси ҳисобланади. “QS World University Rankings 2027” рейтингида жаҳон бўйича 80-ўринни эгаллаган.

1583 йилда ташкил этилган Эдинбург университети мунтазам равишда дунёнинг энг нуфузли 50 та университети қаторида қайд этилади. “QS World University Rankings 2027” рейтингига кўра, ушбу таълим муассасаси жаҳон миқёсида 35-ўринни эгаллаган.

Глазго университети ректори Энди Шофилд билан музокараларда ўзаро академик ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Э. Шофилд Глазго университетининг Ўзбекистон билан ҳамкорлигини кенгайтиришга қизиқиш билдирди. Жумладан, халқаро ҳуқуқ, савдо, иқтисодиёт ва ЖСТга аъзо бўлиш борасида қўшма тадқиқотларни амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди.

Шунингдек ўқинг

Эдинбург университети проректори Алан Маккей билан бўлиб ўтган учрашувда таълим, илмий тадқиқотлар ва тадбиркорлик соҳаларида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, университетнинг Бизнес мактаби Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан тадбиркорлик таълими йўналишида қўшма дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди.

Эдинбург университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан ўтказилган очиқ мулоқот ҳам самимий руҳда бўлиб ўтди.

Университетларда ташкил этилган учрашувлар давомида STEM фанлари, ҳуқуқшунослик, муҳандислик, тиббиёт, ветеринария, биотехнология, финтех ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма таълим дастурлари, икки томонлама диплом ва академик мобиллик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Шу билан бирга, томонлар илмий тадқиқотлар, тиббий технологиялар ва биотиббиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, барқарор ривожланиш, шаҳарсозлик, муҳандислик ва экологик масалалар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш