Киев шаҳрида Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан Украинанинг етакчи университети ўртасида энергетика соҳаси мутахассисларини тайёрлаш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Октябрь 30, 2023. 14:58 • 3 дақ

231
Киев шаҳрида Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан Украинанинг етакчи университети ўртасида энергетика соҳаси мутахассисларини тайёрлаш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

КИЕВ, 30 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Курманов Украинанинг "Academy DTEK" корпоратив университетида бўлиб, мазкур олий ўқув юртининг ижрочи директори Руслан Лемещук билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот чоғида Руслан Лемещук ушбу олий ўқув юрти дастлаб Украинада энергетика соҳасидаги энг йирик "ДТЕК" компанияси учунгина малакали кадрларни етказиб бериш мақсадида ташкил қилингани, бироқ билим юрти битирувчиларига талабнинг кескин ортиши туфайли 2014 йилдан бошлаб у очиқ таълим муассасасига айлантирилганини айтди.


Маълум қилинишича, университет Украина ва жаҳоннинг таниқли "ПУМБ", "Киевстар", "VISA", "Кернел", "Фармак", "МХП" ва шу каби бошқа қатор йирик компаниялари учун раҳбар кадрларни тайёрлаган.


Университетда Украина ҳукумати талабларига биноан Энергетика вазирлиги, Таълим ва фан вазирлиги, шу каби қатор вазирлик ҳамда муассасалар раҳбар ходимларининг малакасини ошириш учун махсус курслар ҳам ташкил этилади. Бу амалиёт ҳозирги кунда ҳам давом эттирилмоқда.


Шунингдек ўқинг

Руслан Лемещукнинг билдиришича, ҳозирги кунларда "Academy DTEK" университети асосан уч йўналишда - "blue-collar workers" ("кўк ёқалилар") – энергетика соҳасидаги 10 йўналиш бўйича юқори малакали муҳандис ва профессионал-ишчи кадрлар, "white-collar worker" ("оқ ёқалилар") – энергетика ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларидаги йирик корпорация ва давлат идоралари учун ўрта қатлам менеджер кадрларини ҳамда йирик компания ва давлат идоралари учун "топ-менеджер"лар тайёрламоқда.


Мулоқот чоғида мамлакатимиз вакили Ўзбекистонда энергетика соҳасини ривожлантириш учун халқаро андозаларга мос келадиган малакали кадрларни тайёрлаш ҳозирги кунда долзарб аҳамият касб этаётганлиги хусусида тўхталар экан, "Academy DTEK" билан Ўзбекистоннинг турдош муассасалари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан аниқ таклифларни илгари сурди.


Учрашув якунида "Academy DTEK" корпоратив университети раҳбарияти билан энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган конструктив мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.


Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, "Academy DTEK" университети нисбатан ёш билим юрти ҳисобланишига қарамасдан ҳозирги кунда энергетика соҳасида жаҳон стандартларига мос келадиган малакали профессионал-ишчи ва раҳбар кадрларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича дунёдаги энг илғор олий таълим муассасаларидан бири сифатида ном қозонган. Мазкур таълим маскани 2019 йили жаҳондаги энг яхши корпоратив университет (Global CCU) мукофотига сазовор бўлган. Бу йўналишдаги таниқли бизнес мактаблари - "INSEAD", "IE Business School" ва "Stanford University" каби таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш