Малайзия ислом суғуртаси – такафул тамойилларини Ўзбекистонда жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди
Октябрь 05, 2024. 15:17 • 2 дақ
• 730
КУАЛА-ЛУМПУР, 5 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонасида Малайзиянинг "Startegic Horizon Management System" компанияси бош консультанти Сайфул Бахри бин Сарони ва "Abkari Risk Management" компанияси директори Идрус бин Мат Наян билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот аввалида Малайзия исломий суғуртаси – такафул ва уни Ўзбекистонда жорий этиш истиқболлари тўғрисида тақдимот ўтказилди.
Малайзия томони билан Ўзбекистонда такафул суғуртасини жорий қилиш бўйича олиб борилган дастлабки таҳлиллар юзасидан фикр алмашилди.
Сайфул Бахрининг таъкидлашича, Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг йилдан йилга ислом молияси хизматларига қизиқиши ортиб бораётганлиги сабабли, мамлакатимизда ислом суғуртасини равнақи учун катта салоҳият мавжуд.
Малайзиялик мутахассислар Ўзбекистонда дастлабки босқичда давлат суғурта компаниялари таркибида алоҳида такафул хизматларини ташкил этиш орқали ушбу тажрибани босқичма-босқич хусусий суғурта компанияларида татбиқ этишни таклиф қилмоқда.
Бунинг учун Малайзия томони "Syarikat Takaful Malaysia Bhd.", "Takaful Ikhlas Sdn. Bhd" ва "ETIQA Takaful Bhd." каби мамлакатнинг ҳукуматга тегишли исломий суғурта компанияларини Ўзбекистон давлат суғурта компаниялари билан ҳамкорликка жалб этиш масаласини ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Малайзия Ҳукумати исломий суғурта экотизимини яратиш бўйича 1982 йилда илк тамал тошини қўйган. 1984 йилга келиб Такафул тўғрисида қонун қабул қилинган ва шу йилнинг ўзида биринчи ислом суғурта давлат компанияси ташкил этилган.
Такафулнинг оддий суғуртадан фарқи – унда махсус суғурта жамғармаси тузилади. Жамғарма аъзолари олдиндан эълон қилинган тартиб-қоидага кўра, суғурта учун тўланган бадаллар жамғармага киритилади. Жамғарма эса ўз мулкига айланган ушбу маблағлар ҳисобидан аъзоларининг тегишли зарарларини қоплаб туради. Йил якунида суғуртадан ортган маблағларнинг бир қисми жамият низомидаги тартиб-қоидалар асосида кейинги йиллар захирасига олиб қўйилиши ёки аъзолар ўртасида тақсимланиши ҳам мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Аёлларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича конференция ташкил этилди