Ўзбекистонда одам савдосидан жабр кўрган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар жорий этилмоқда
Август 06, 2026. 17:30 • 3 дақ
• 211
ТОШКЕНТ, 6 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президентининг “Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
2026 йил 3 августда қабул қилинган ПФ-146-сонли фармонда одам савдосидан жабр кўрган шахсларни аниқлаш, ҳимоя қилиш, реабилитация ва ижтимоий интеграция қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган.
Фармонга кўра, “Инсон” марказлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг (ИҲМА) жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи ихтисослаштирилган муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотларига одам савдоси қурбони деб тахмин қилинаётган шахсларни дастлабки идентификациядан ўтказиш ваколати берилади.
Дастлабки идентификация натижасига кўра, шахсга бир ойгача муддатга одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинувчи шахс мақоми берилади. Якуний идентификациядан ўтказилганидан сўнг унга бир йилдан кўп бўлмаган муддатга амал қилувчи одам савдосидан жабрланган деб тан олинган шахс мақоми берилиши мумкин.
Бунда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан якуний идентификациядан ўтказиш муддати 10 суткагача қисқартирилди.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ИҲМАнинг 1146 қисқа рақамли ишонч телефони орқали Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида одам савдосидан жабрланган шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш йўлга қўйилади. Мутахассислар уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва бошқа масалалар бўйича маслаҳатлар ҳамда зарур маълумотларни тақдим этади.
Шундай ишонч телефонлари Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида ҳам ташкил этилади. Улар одам савдоси фактлари бўйича мурожаатларни қабул қилиб, маслаҳат, ҳуқуқий, психологик, моддий ва бошқа зарур ёрдамларни кўрсатади.
Бундан ташқари, Ислом Каримов номидаги “Тошкент” ва “Самарқанд” халқаро аэропортларида Миграция агентлиги ҳузуридаги Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан миграция маслаҳат бюролари очилади ва уларнинг иши сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилади.
Ушбу ҳужжатда жабрланганларнинг турли тоифаларига ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланмоқда. Махсус дастурлар доирасида Ўзбекистонга қайтарилган эркаклар, хорижий фуқаролар ва репатриантлар фақат Одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш республика реабилитация марказига қабул қилинади. Жабрланганларни қабул қилиш ва уларга зарур хизматларни кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган ҳудудий марказлар фаолияти ушбу марказ томонидан мувофиқлаштириб борилади.
Одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинувчи шахс мақомига эга бўлганлар ихтисослаштирилган марказ ёки ҳудудий марказлар хизматларидан бир ой давомида фойдаланиши мумкин. Жабрланган деб расман тан олинган шахслар учун бундай хизматларни олиш муддати олти ойгачани ташкил этади.
Бунда ёрдам сўраб мурожаат қилиш мумкин:
– одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинувчи шахс мақомига эга бўлганлар – ушбу мақом берилган кундан бошлаб бир ой ичида;
– одам савдосидан жабрланган деб тан олинган шахслар – тегишли мақом берилган кундан бошлаб бир йил ичида.
Фармон билан дастлабки идентификация асосида ихтисослаштирилган марказлар хизматидан фойдаланиб бўлган шахсни қайта жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Жабрланганларнинг ихтисослаштирилган ёки ҳудудий марказга бориши ва қайтиши билан боғлиқ транспорт харажатлари тегишли муассасанинг тавсиясига асосан “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси