Ўзбекистон Президентига тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга оид қарор лойиҳаси ҳақида ахборот берилди
Июль 02, 2025. 12:48 • 2 дақ
• 42
ТОШКЕНТ, 1 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга бугун тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга оид қарор лойиҳаси ҳақида ахборот берилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, бу соҳалар халқимиз маданиятининг, ёшлар тарбиясининг ажралмас қисми. Лекин илгари, ўнлаб йиллар давомида рассомлар эътибордан четда қолганди. Шу боис Президентимиз Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида бу масалага тўхталиб, мутасаддиларга кўрсатма берган эди.
Лойиҳага кўра, 2026-2027 йилларда инвестиция дастури доирасида Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар зали ва фонди биносини реконструкция қилиш, Тошкент фотосуратлар уйида Мультимедиа маркази ташкил этиш режалаштирилган.
Энг муҳими, санъатсевар ёшлар учун имкониятлар кенгайтирилади. Жумладан, Бадиий фонд ҳудудида замонавий галерея ҳамда 40 та ижодий устахонадан иборат Ёш рассомлар маркази барпо этилади, Шарқ миниатюра санъати музейида ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси ташкил қилинади. Беньков номидаги рассомлик мактаби таъмирланиб, 400 ўринли қўшимча ўқув биноси, 200 ўринли ётоқхона қурилади.
"Устоз-шогирд" тамойили асосида ёш қаламкашларни тарбиялаб келаётган тажрибали рассомлар қўшимча рағбатлантириб борилади. Ҳар йили танлов асосида энг истеъдодли ижодкорлар хорижий мамлакатларга тажриба алмашишга юборилади.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида таълим сифатини ошириш чоралари кўрилади. Бу ерда илғор хорижий ўқув режа ва дастурлар босқичма-босқич жорий этилади. Профессор-ўқитувчиларнинг муносиб бадиий асарлари илмий монографияга тенглаштирилади. Шунингдек, бу институтни битирган мутахассисларга мактабларда тасвирий санъат фанидан дарс ўтишга рухсат берилади.
"Янги Ўзбекистон манзаралари", "Тарихий алломалар" ва "Замон қаҳрамонлари" туркумидан ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш тизими йўлга қўйилади.
Президентимиз ҳудудларда ҳам рассомлар учун шароитларни яхшилаш, ёшларни тасвирий ва амалий санъатга жалб этиш зарурлигини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Президенти Япониядаги ватандошлар билан мулоқот қилди
Ўзбекистон Президенти расмий ташриф билан Японияга келди