Logo

Ўзбекистон Президенти 23-24 октябрь кунлари ташриф билан Брюсселда бўлади

Октябрь 22, 2025. 19:47 • 51 сония

240
Ўзбекистон Президенти 23-24 октябрь кунлари ташриф билан Брюсселда бўлади

ТОШКЕНТ, 22 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйеннинг таклифига биноан 23-24 октябрь кунлари расмий ташриф билан Брюссель шаҳрида бўлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф дастурига мувофиқ, Европа Иттифоқи пойтахтида ушбу бирлашманинг асосий институтлари раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.

Кўп қиррали муносабатларни жорий йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш ва кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Савдо-иқтисодиёт, инвестиция-молия, инновация, энергетика, транспорт-коммуникация, фан-таълим ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик бўйича аниқ лойиҳа ҳамда дастурларни илгари суриш эътибор марказида бўлади.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши кўзда тутилган.

Ташриф доирасида Ўзбекистон етакчиси Бельгия раҳбарияти билан учрашув ўтказади, технологик ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма режаларни жадаллаштириш мақсадида Европанинг етакчи компания ва банклари раҳбарларини қабул қилади.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш