Logo

Сенатда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси раиси билан учрашув бўлиб ўтди

Декабрь 16, 2025. 13:21 • 2 дақ

90
Сенатда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси раиси билан учрашув бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 16 декабрь. /“Дунё” АА/. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси раиси У Вон Сик бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамда таълим соҳаларидаги стратегик шериклик муносабатларини янада фаоллаштириш, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Корея Республикасининг нуфузли олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўрганиш йўлга қўйилгани алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учрашувлари формати ишончли мулоқот майдонига айлангани қайд этилди.

Томонлар Тошкент шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги йиғилиш доирасида ҳам амалий ва самарали натижаларга эришиш юзасидан ўзаро фикр алмашди. 2023 йил сентябрь ойида Сеул шаҳрида ҳамда 2024 йил октябрь ойида Ашхобод шаҳрида ўтказилган учрашувлар мазкур форматнинг долзарблигини яққол намоён этгани таъкидланди.

Суҳбат чоғида барча даражаларда йўлга қўйилган фаол парламентлараро мулоқот алоҳида қайд этилиб, жорий йил давомида Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг қатор қўмиталари раҳбарлари даражасидаги делегациялар Ўзбекистонга ташриф буюргани мамнуният билан таъкидланди. Шунингдек, парламент дўстлик гуруҳлари фаолияти ўзаро мулоқотни мувофиқлаштириш ва амалий самарадорликни оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шунингдек, “KOICA” ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “электрон парламент” тизимини жорий этиш лойиҳасининг амалга оширилаётгани юқори баҳоланди. Мазкур лойиҳа қонун ижодкорлиги жараёнларини такомиллаштириш ва парламент фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Томонлар парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканлигини тасдиқлади.

Учрашув якунида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси раиси У Вон Сик Фахрий меҳмонлар китобида ёзув қолдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш