Ўзбекистон Президентининг Грузияга давлат ташрифи якунланди
Июль 03, 2026. 17:26 • 2 дақ
• 174
ТОШКЕНТ, 3 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар бугун якунига етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Шота Руставели номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонни Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе кузатиб қўйди.
Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон етакчиси Грузия Президенти Михаил Кавелашвили ва Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон – Грузия дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-транзит, туризм ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг муҳим масалалари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланди. Бундан ташқари, устувор йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами алмашилди.
Орбелиани саройида Ўзбекистон етакчисига Грузиянинг олий давлат мукофоти – “Олтин мўйна” орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Тбилиси шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этди.
Давлат ташрифи якунлангач, Ўзбекистон Президенти Тошкент шаҳрига жўнаб кетди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси