Ўзбекистон Президентининг Репатриантларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Халқаро компетенциялар марказини ташкил этиш ташаббуси БМТнинг Аксилтеррор ҳафталиги доирасида намойиш қилинди
Июль 03, 2026. 16:30 • 4 дақ
• 65НЬЮ-ЙОРК, 3 июль. /“Дунё” АА/. БМТ қароргоҳида Терроризмга қарши кураш ҳафталиги доирасида можароли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни репатриация, реабилитация ва реинтеграция қилиш борасида Марказий Осиё тажрибасига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) маълумотига кўра, тадбир БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси (UNOCT) ҳамда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (UNRCCA) кўмагида ташкил этилди.
Анжуманда БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Зуев, БМТ Терроризмга қарши кураш маркази директори Мауро Миедико, “Ҳедая” маркази ҳамда Глобал ҳамкорлик ва барқарорлик жамғармаси (GCERF) ижрочи директорлари Аҳмад ал-Қосимий ва Халид Козер, Марказий Осиё давлатларининг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари маъруза билан иштирок этди.
Тадбир БМТга аъзо давлатлар орасида катта қизиқиш уйғотди. Форум ишида Осиё, Африка, Европа, Шимолий ва Лотин Америкасидаги 50 дан ортиқ давлат ҳамда 10 га яқин халқаро ташкилот вакиллари қатнашди.
Сайд-ивент иштирокчилари, жумладан, БМТнинг юқори мартабали вакиллари ҳамда минтақа давлатлари вакиллари Марказий Осиёнинг можароли ҳудудлардан 2 мингдан ортиқ фуқарони қайтариш борасидаги тажрибаси гуманитар операциялар соҳасидаги илғор халқаро тажрибалардан бири эканини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Репатриантларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Минтақавий экспертлар кенгашининг самарали фаолияти алоҳида эътироф этилди.
Хусусан, БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Зуев мазкур Кенгаш фаолияти туфайли Марказий Осиё давлатлари нафақат бу борадаги саъй-ҳаракатларини янада кучайтираётгани, балки қайтарилган фуқаролар билан ишлаш бўйича бошқа давлатлар учун ҳам амалий аҳамиятга эга ёндашувларни ишлаб чиқишга ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, бундай ҳамкорлик кўп томонлама шерикликнинг барқарорлиги ва унга бўлган қатъий содиқликнинг ёрқин ифодасидир.
Бошқа иштирокчилар ҳам мазкур Кенгаш нафақат минтақавий ҳамкорликнинг самарали намунаси, балки экстремизмнинг олдини олишда комплекс ёндашув муҳимлигини яққол намоён этишини қайд этди.
Тадбирда СМТИ директори Элдор Арипов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг Репатриантларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Халқаро компетенциялар марказини ташкил этиш ташаббусини тақдим этди.
Мазкур марказ Марказий Осиёнинг муваффақиятли тажрибасига таянган ҳолда реабилитация соҳасида мослашувчан стратегияларни ишлаб чиқиш бўйича глобал билим ва тажриба алмашиш майдонига айланиши мумкин. Марказ фаолияти соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, репатриантлар учун таълим ва касбий ривожланиш имкониятларини яратиш, экстремизмнинг олдини олиш ва унинг тарқалишини барвақт бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга йўналтирилади.
Элдор Ариповнинг қайд этишича, ушбу марказ амалий натижаларга йўналтирилган фаолият ҳамда аниқ самарадорлик кўрсаткичлари асосида шакллантирилиши режалаштирилмоқда. Асосий мақсадли кўрсаткичлар сифатида репатриантларни касбга тайёрлаш, БМТга аъзо давлатлар учун услубий қўлланмаларни ишлаб чиқиш ҳамда халқаро ҳамжамият учун ҳар йили таҳлилий маърузаларни эълон қилиб бориш белгиланган.
“Мазкур марказ орқали дунёнинг илғор тажрибалари универсал методологияларга айлантирилиб, бу йўналишдаги ишларни эндигина йўлга қўяётган БМТга аъзо давлатларга етказилади”, деди Э.Арипов.
СМТИ директорининг маълум қилишича, Халқаро компетенциялар марказига аъзолик барча давлатлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил экспертлар ва тадқиқотчилар учун очиқ бўлади. Марказ котибияти БМТнинг суд таъқиби, реабилитация ва реинтеграция бўйича глобал дастури (PRR) билан яқин ҳамкорликда фаолият юритади.
Таъкидланганидек, мазкур Марказни ташкил этиш Марказий Осиёнинг глобал хавфсизлик тизимини мустаҳкамлашга қўшаётган муҳим ҳиссаси бўлиб, у можароли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни реабилитация ва жамиятга тинч йўл билан реинтеграция қилиш соҳасида давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш ҳамда салоҳиятни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Учрашув якунида иштирокчилар саъй-ҳаракатларни янада бирлаштириш ҳамда можароли ҳудудлардан фуқароларни қайтариш ва уларни жамиятга қайта интеграция қилиш каби мураккаб йўналишда бугунги кунда илғор ёндашувларни амалда шакллантираётган Марказий Осиё давлатлари ташаббусларини изчил қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

