Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи якунланди
Февраль 06, 2026. 16:40 • 2 дақ
• 100
ТОШКЕНТ, 6 февраль. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифининг тадбирларга бой дастури якунига етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчиси Исломободда Покистон Президенти Асиф Али Зардорий ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан батафсил музокаралар ўтказди. Ўзбекистон – Покистон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, логистика ва гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ асосий масалалар муҳокама қилинди.
Олий даражадаги музокаралар якунида устувор соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.
Шунингдек, Покистон Мудофаа кучлари Бош қўмондони – Қуролли Кучларнинг Қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Асим Мунир, Бош вазир ўринбосари, ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дор билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари икки кунлик ташриф давомида Ўзбекистон – Покистон бизнес форумида иштирок этди ва Покистоннинг етакчи ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди.
“Айвони Садр” қароргоҳида Ўзбекистон Президентига Покистоннинг олий давлат мукофоти – “Нишони Покистон” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарига Покистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бирининг фахрий доктори ва профессори унвонлари берилди.
Покистон пойтахтидаги кўчалардан бирига Тошкент, янги барпо этилаётган боққа эса Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилгани тарихий мерос муштараклиги, Ўзбекистон ва Покистон халқларини янада яқинлашганининг рамзи бўлди.
Давлат ташрифи якунлангач, Президентимиз Тошкентга жўнаб кетди. “Нурхон” аэропортида олий мартабали меҳмонни Покистон Бош вазирининг махсус маслаҳатчиси – саноат ва ишлаб чиқариш вазири Ҳорун Ахтар ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
