Logo

Қашқадарёдаги корхона хорижий брендлар буюртмаси асосида маҳсулот етказиб бермоқда

Июнь 19, 2025. 11:59 • 2 дақ

499
Қашқадарёдаги корхона хорижий брендлар буюртмаси асосида маҳсулот етказиб бермоқда

ТОШКЕНТ, 19 июнь. /"Дунё" АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Қашқадарё вилоятига келди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотлар соҳа ва тармоқларда ўз натижаларини бермоқда. Бутун республикада технологик "сакраш" кузатилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг беш ойида саноат 6,4 фоиз ўсган, бу соҳада экспорт 6 миллиард доллардан ошган.

Бунда Қашқадарё саноатининг ҳиссаси катта. Қарши шаҳридаги "Alp texno servis" шундай экспортчи корхоналардан бири. Қиймати 10 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа электр техникаси йўналишида глобал етказиб бериш занжирида ўрин топган. Корхона хорижий "TСL", "HOFFMANN" брендлари учун буюртмалар тайёрлаб бермоқда. Шунингдек, маҳаллий SMART брендига асос солинган. Шу номлар остида йилига 500 минг донагача телевизор ва электрон платалар ишлаб чиқарилмоқда.

Маҳсулотлар юқори технологик, сифати ва дизайни бозор талабига мос. Шу боис 70 фоиз товарлар экспортга йўналтирилмоқда. Ўтган йили 2 миллион доллардан зиёд экспорт қилинган. Бу йилги режа 10 миллион доллар.  

Давлатимиз раҳбари бу тармоқни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

– Бу соҳада тажриба орттирдик, ташқи бозорга йўл топдик. Энди бу корхонани кенгайтириш керак. Одамзот бор экан, бундай маҳсулотларга талаб бўлади. Фақат сифат ва номенклатура бўйича ўсиш, рақобатбардош бўлиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Яна бир муҳим вазифа – маҳаллийлаштириш. Ҳозир корхонада бу кўрсаткич 50 фоиздан ошган. Келгусида 20 миллион долларлик яна 4 та лойиҳани амалга ошириб, чангютгич, электр чойнак, ҳаво совутгич, вентилятор ишлаб чиқариш режалаштирилган. Буларнинг натижасида йилига 30 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.

Корхонада 200 киши иш билан таъминланган. Қарши давлат техника университети билан дуал таълим йўлга қўйилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш