Президент Шавкат Мирзиёев: Сеулнинг модернизация ва инновациялар соҳасидаги бой тажрибаси Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун алоҳида аҳамият касб этади
Сентябрь 14, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 117
ТОШКЕНТ, 14 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи арафасида мамлакатнинг нуфузли нашрлари – “The Chosun Daily”, “Chosun Ilbo”нинг инглиз тилидаги платформаси ҳамда “The Korea Herald” газетасида давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласи нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“ Мақолада Ўзбекистон – Корея дўстлигининг тарихий асослари ва юксак ишончга таянган алоҳида стратегик шериклик истиқболлари ёритилган, – дея ёзган Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг telegram-каналида. – Мамлакатларимиз нафақат вақт синовидан ўтган ҳамкорлар, балки муштарак қадриятлар ва инсоний ришталар боғлаб турган яқин дўстлар экани таъкидланган”.
Корея Республикасининг бир авлод давомида фаровон, юқори технологияли давлатга айланишдек ҳайратланарли тараққиёт йўли алоҳида қайд этилган. Сеулнинг модернизация ва инновациялар борасидаги бой тажрибаси Янги Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда ўзаро савдо 5 баробар ошди, Корея инвестициялари 8 миллиард доллардан ортди. 700 дан зиёд қўшма корхона ва лойиҳа мавжуд, KOICA, Корея Эксимбанки ва EDCF билан дастурлар портфели 3,5 миллиард доллардан ошган.
Янги босқичдаги ҳамкорлик сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электр транспорти, биофармацевтика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва “ақлли шаҳарлар”ни қамраб олади.
“Ҳамкорлигимизнинг янги саҳифасини очишимиз – алоҳида соҳалардаги муваффақиятли алоқалардан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантиришга ўтишимиз мумкин”, – дея таъкидлади Президентимиз.
Мақолада 16 сентябрь куни Сеулда ўтадиган илк “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитига алоҳида тўхталинган.
Давлатимиз раҳбари саммитда Ўзбекистон сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва шерикликнинг янги, самарали механизмларини шакллантиришга қаратилган қатор долзарб ташаббусларни илгари суриш ниятида эканини таъкидлади. Ушбу таклифлар “Марказий Осиё – Корея Республикаси” форматини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, уни янада тизимли, динамик ва узоқ муддатли минтақавий устувор вазифаларга йўналтиришга хизмат қилади.
“Марказий Осиё ва Корея Республикаси тинчлик, инновациялар, ўзаро ишонч ва умумий фаровонликка асосланган ҳамкорликнинг янги маконини шакллантира олишига чин дилдан ишонаман”, – дейилади мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси