Бош консулхона Оқтовда қийин вазиятга тушган ватандошларга яқиндан ёрдам бермоқда
Сентябрь 14, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 64
ОҚТОВ, 14 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан ушбу ҳудудда бўлиб турган ҳамюртларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда оғир вазиятга тушиб қолган фуқароларни Ватанга қайтариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Консулхона томонидан сўнгги кунларда қийин вазиятга тушиб қолган қатор фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 2 нафар юртдошимизга Ватанга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштиришда кўмаклашилди.
Шу билан бирга, 6 нафар ҳамюртимизнинг Ўзбекистонга қайтиши учун авиачипталар харид қилиниб, уларнинг мамлакатимизга қайтиши таъминланди.
Фуқароларнинг мурожаатларини жойида ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида сайёр қабуллар мунтазам равишда ташкил этиб келинмоқда.
Бош консулхона, Миграция агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ушбу шаҳарга ишлаш учун келган, бироқ турли сабабларга кўра оғир молиявий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар иштирокида сайёр қабул ўтказилди.
Учрашувда фуқароларнинг мурожаатлари батафсил ўрганилиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли чоралар белгиланди. Сайёр қабул давомида 5 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Улардан 3 нафари вояга етмаган фарзандлари билан бирга бўлган.
Мазкур мурожаатлар эътиборсиз қолдирилмади. Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Миграция агентлиги билан ҳамкорликда Оқтов–Тошкент авиарейси орқали мурожаат қилган фуқароларнинг юртимизга қайтиши таъминланди.
Ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида турли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Оқтов шаҳрида ҳамюртимизнинг паспорти воситачилар томонидан олиб қўйилгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Мазкур ҳолат бўйича Бош консулхона томонидан зудлик билан амалий ёрдам кўрсатилиб, юртдошимизнинг паспорти қайтариб олинди ва унинг Ватанимизга қайтиши таъминланди.
Яна бир ҳолатда эса фуқаро вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун зарур рухсатномани расмийлаштириш масаласида фирибгарликка дуч келган. Натижада, у қийин молиявий аҳволда қолган. Дипломатлар томонидан мазкур фуқаро ва унинг 3 нафар вояга етмаган фарзандига амалий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг Ўзбекистонга қайтиши таъминланди.
Мамлакатимизнинг Оқтов шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш, уларга консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, зарур ҳолларда Ватанга қайтишини таъминлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси