Ўзбекистон Президенти мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди
Февраль 04, 2026. 18:59 • 4 дақ
• 123
ТОШКЕНТ, 4 февраль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мактабгача таълим боланинг интеллектуал, ижтимоий ва маънавий ривожланишида ҳал қилувчи босқич ҳисобланади. Шу боис, сўнгги йилларда ушбу соҳада қамровни кенгайтириш, таълим сифатини ошириш ва хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада мамлакатимизда мактабгача таълим билан қамров 78 фоизга етди.
Шу билан бирга, қамровни 80 фоизга етказиш учун янги боғча ўринларини яратиш талаб этилади, 39 та туман ва шаҳарда эса боғча қамрови 70 фоиздан паст даражада қолмоқда. Шунингдек, давлат боғчаларида педагогларнинг 61 фоизи, нодавлат боғчаларда эса 76 фоизи ўрта махсус маълумотга эгалиги кадрлар салоҳиятини янада ошириш долзарб масала эканини кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан бугунги тақдимотда мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Жумладан, бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида жорий этилади. Бунда болаларни мактаб таълимига пухта тайёрлаш, таълимда узлуксизликни таъминлаш асосий мақсад қилиб қўйилган.
Мактабгача таълим тизимида ўйинга асосланган таълим модели жорий этилиб, боланинг табиий қобилияти ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда таълим-тарбия жараёни ташкил қилинади. Илғор хорижий тажрибалар асосида ўқув муҳити янгиланади.
Шунингдек, “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини шакллантириш режалаштирилган. 2026-2028 йилларда ҳар бир ҳудудда 120 ўринли “Янги авлод” давлат боғчалари ҳамда уларнинг таркибида Болаларни ривожлантириш инновацион марказлари ташкил этилади. Мазкур боғчаларда қўшимча раҳбар ҳамда тарбиячи-йўриқчи штатлари жорий қилиниб, раҳбар ва педагог ходимларга тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.
Мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ҳам бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат берилади. Бу орқали таълим хизматлари бозорида соғлом рақобатни кенгайтириш ва қамровни ошириш мақсад қилинган.
Кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб педагогика олий таълим ташкилотларида мактабгача ва бошланғич таълим йўналишлари бўйича таълим дастурлари халқаро илғор тажрибаларга мос равишда такомиллаштирилади. Шу билан бирга, амалда ишлаб келаётган ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун дуал таълим (“5+1”) асосида бакалаврлар тайёрлаш тизими жорий этилади.
2027-2028 ўқув йилидан бошлаб мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим-тарбия олган болаларга давлат намунасидаги электрон сертификат берилиши, мазкур маълумотлар умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномада қайд этилиши кўзда тутилмоқда.
Тақдимотда мактабгача таълим соҳасида хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги имтиёзлар ҳам муҳокама қилинди.
Мактабгача таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида қамров даражаси 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлар учун қатор қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади.
Жумладан, мактаб ва боғчалар ҳудудидаги бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар ташкил этилганда, ижара тўловлари 30 йилгача ундирилмайди. Шунингдек, ҳар бир тарбияланувчи учун давлат боғчаларида бир болага тўғри келадиган харажатнинг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Ушбу тартиб 2024 йилдан ташкил этилган нодавлат боғчаларга ҳам татбиқ этилади.
Қамров даражаси паст ҳудудларда боғча ва мактабдан ташқари жойларда қуввати камида 150 ўринли нодавлат боғчалар ташкил этилса, 7 йилгача муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади. Шу билан бирга, тарбиячиларга ойлик иш ҳақи тўлаш харажатлари давлат боғчаларида белгиланган меъёрлар асосида уч йил давомида қоплаб берилади. Ҳар 30 нафар болага бир нафар тарбиячи штати ҳисобланади.
Мазкур имтиёзлар янги кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватида ташкил этиладиган хусусий боғчаларга ҳам татбиқ этилади.
Бундан ташқари, 2030 йил 1 январга қадар қуввати 150 ўриндан кам бўлмаган нодавлат боғчалар ташкил этган тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси бўйича енгилликлар берилади.
Давлатимиз раҳбари тақдим этилган таклифларни ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш, уларни босқичма-босқич жорий этиш ҳамда мактабгача таълим сифатини ошириш орқали болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун мустаҳкам асос яратиш муҳимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
