Logo

Ўзбекистон Президенти EХҲТнинг амалдаги раиси, Финляндия ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Июнь 11, 2025. 19:40 • 47 сония

55
Ўзбекистон Президенти EХҲТнинг амалдаги раиси, Финляндия ташқи ишлар вазирини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 11 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Финляндия ташқи ишлар вазири Элина Валтоненни қабул қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида олий мартабали меҳмон Ўзбекистон Президентига Финляндия Президенти Александр Стуббнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан EХҲТ ўртасида амалий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон-Финляндия ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Миллий сайлов тизимини модернизация қилиш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш, гендер ва ёшлар масалалари, "яшил" кун тартиби бўйича ташкилот билан конструктив ҳамкорлик ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Иқлим хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш масалаларига эътиборни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон-Финляндия муносабатларининг, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кун тартиби батафсил кўриб чиқилди.

Минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, бўлажак тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш