Ўзбекистон Президенти Озарбайжон Бош вазирини қабул қилди
Июнь 10, 2025. 19:48 • 51 сония
• 46
ТОШКЕНТ, 10 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Озарбайжон Бош вазири Али Асадовни қабул қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув аввалида олий мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Иқтисодий кооперация йили доирасида биргаликда самарали ишлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида, жумладан, қўшма Инвестиция компанияси кўмагида амалга оширилаётган кооперация лойиҳалари қизғин паллага кирган. Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар давом этмоқда.
Эришилган келишувлар ижросини назорат қилиш ва бўлажак олий даражадаги учрашув учун янги ташаббусларни илгари суриш мақсадида ҳукуматлар даражасида яқиндан амалий ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Шу маънода, Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва икки мамлакат ҳудудлари форумининг юқори натижадорлигини таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Президенти Япония Парламенти Маслаҳатчилар палатаси президенти билан учрашди