Logo

"Келажак мероси" халқаро мукофоти ғолиблари 10 минг долларга эга бўлишади

Ноябрь 05, 2025. 12:46 • 2 дақ

246
"Келажак мероси" халқаро мукофоти ғолиблари 10 минг долларга эга бўлишади

ТОШКЕНТ, 5 ноябрь. /"Дунё" АА/. 2025 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон Президентининг "Келажак Мероси" халқаро мукофотини таъсис этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур ҳужжатга кўра, адабиёт, маданият, санъат, илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар соҳаларида юксак натижаларга эришаётган ҳамда миллий ва умумбашарий қадриятлар ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган маҳаллий ҳамда хорижий ижодкор ва зиёлиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.

Бу янги лойиҳа – "Келажак Мероси" халқаро мукофоти нафақат

ютуққа эришиб, эътироф этилиш, балки Ўзбекистоннинг қадимий анъаналар ва инновацион ғоялар билан уйғунлашган мамлакат сифатидаги халқаро имижини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Халқаро мукофот учун танловлар 2025 йилдан бошлаб ҳар йили қуйидаги йўналишларда ўтказиб борилади:

· адабиёт;

· маданий мерос;

· театр ва кино;

· мусиқа ва рақс;

· тасвирий ва амалий санъат;

· мода ва дизайн;

· илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар.

Халқаро мукофотнинг ҳар бир йўналиши бўйича ғолиблар статуэтка, диплом ва 10 минг доллар миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Ғолибларга халқаро мукофот тантанали равишда топширилади.

Ушбу қарорга кўра, танловнинг ўтказиш учун "Келажак мероси" халқаро мукофоти кенгаши тузилади, унинг таркиби ҳамда асосий вазифалари тасдиқланади. Маданият вазирлиги кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланди.

Ташқи ишлар вазирлиги халқаро мукофотни хорижий мамлакатларда кенг оммалаштиришга ва ғолиб деб топилган чет эллик иштирокчиларнинг Ўзбекистонга таклиф этилишига кўмаклашади, шунингдек, уларга кириш визаларини, зарур ҳолларда Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортларида расмийлаштиришни таъминлайди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш