Logo

Ўзбекистон Президентига Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориладиган янги метрополитен йўналиши ҳақида ахборот берилди

Май 19, 2025. 17:31 • 2 дақ

47
Ўзбекистон Президентига Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориладиган янги метрополитен йўналиши ҳақида ахборот берилди

ТОШКЕНТ, 19 май. "Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга бугун Тошкент метрополитенини ривожлантириш бўйича режадаги лойиҳалар юзасидан ахборот берилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, пойтахтимиз жамоат транспортида метрополитеннинг ўрни жуда катта. Йўловчиларга қулайликларни ошириш мақсадида янги йўналишлар қурилмоқда. Юнусобод йўли Туркистон бекатигача, Чилонзор йўли Сергели туманигача узайтирилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкентда ерусти метроси ҳам пайдо бўлди – Дўстлик бекатидан Сергелигача бўлган ерусти ҳалқаси барпо этилди. Бу янги йўналишлар пойтахтимизнинг Юнусобод, Яшнобод, Бектемир, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларини боғлаб, аҳолининг кундалик қатновига катта қулайлик яратди.

Энди метрополитенни Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилган. Бу бўйича ўтган аввалги муҳокамаларда Президентимиз лойиҳани маблағ ва қулайлик жиҳатидан мақбуллаштириш вазифасини қўйган эди. Шу асосида тайёрланган янги таклифга кўра, лойиҳани 2 босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда. Биринчи босқичда Чилонзор йўлининг Пушкин бекатидан Мирзо Улуғбек туманининг Феруза даҳасигача мавжуд темир йўлга параллел равишда ер юзаси бўйлаб метро йўли қурилади. Иккинчи босқичда у ердан Тошкент трактор заводи даҳаси шоҳ бекатигача йўналиш барпо этилади.

Ҳозирги кунда шу томондан пойтахтимиз марказига бир кунда 47 мингта автотранспорт, жами 194 мингта йўловчи кириб келиши кузатилмоқда. Режалаштирилган янги йўналиш 85 минг йўловчини қамраб олиши кутилмоқда.

Тақдимотда лойиҳанинг техник ва амалий жиҳатлари батафсил кўриб чиқилди.  

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш