Logo

Ўзбекистон Президенти Япониянинг етакчи компаниялари, молия институтлари ва бизнес уюшмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди

Декабрь 19, 2025. 15:15 • 3 дақ

155
Ўзбекистон Президенти Япониянинг етакчи компаниялари, молия институтлари ва бизнес уюшмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди

ТОШКЕНТ, 19 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Японияга расмий ташрифининг ишбилармонлик дастурига мувофиқ, ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари, молия институтлари ва бизнес уюшмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Рёсэй Аказава, “Sojitz”, “Sumitomo”, “Toyota”, “ITOCHU”, “Mitsubishi”, “Marubeni”, “Daito Trust Construction”, “NEC”, “SBI Holdings”, “Ajinomoto”, “Japan Tobacco”, “Hitachi”, “Mitsui”, “Balcom”, “NEC”, “Eurus Energy”, “Chubu Electric Power”, “Shikoku Electric”, “Shimizu”, “Hankyu Travel International”, Япония металл ва энергетика соҳасида хавфсизлик ташкилоти (JOGMEC), Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Япония экспорт ва инвестицияларни суғурталаш компанияси (NEXI), Япония ташқи савдо ташкилоти (JETRO), Япония МДҲ мамлакатлари билан савдо бўйича ассоциацияси (ROTOBO), “Norinchukin” ва “SBI Shinsei” банклари, Япония сайёҳлик агентликлари ассоциацияси каби йирик корпорациялар ва молия институтларининг топ-менежерлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари учрашув иштирокчиларига мурожаат қилар экан, япон ишбилармонларининг бундай нуфузли таркиби томонларнинг бир-бирига бўлган юксак ишончи ва иқтисодий шерикликни янада ривожлантиришга доимий қизиқишидан далолат эканини билдирди.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги мазмун касб этди.

Япония компаниялари илгари асосан пудрат лойиҳаларида иштирок этган бўлса, бугунги кунда мамлакат иқтисодиётига фаол инвестиция киритиб, қўшма корхоналар яратмоқда, бошқарув, технологиялар трансфери ва миллий кадрларни тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган мазкур ўзгаришлар натижасида Япония Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ва технологик шерикларидан бирига айланди.

Савдо-иқтисодий кўрсаткичларда ҳам ижобий суръат кузатилмоқда: охирги саккиз йилда товар айирбошлаш 2 баравар, Ўзбекистонда фаолият юритаётган япон компанияларининг сони эса 10 карра ошди.

Энергетика, соғлиқни сақлаш, геология, ахборот технологиялари, инфратузилма ва бошқа устувор соҳаларда мустаҳкам кооперация ўрнатилди.

Учрашувда Президентимиз мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий йўналишларига тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, сўнгги 8 йил ичида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2 бараварга ошди. 2030 йилга қадар мамлакатни ўрта даражадан юқори даромадли давлатлар қаторига киритиш вазифаси қўйилган.

Давлатимиз раҳбари Япония ишбилармонларини саноатлашувни тезлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш жараёнларида фаол иштирок этишга таклиф қилди.

Шу маънода, Япония ишбилармон доиралари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Энергетик барқарорликни таъминлаш ва “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, хусусан, қайта тикланадиган энергия манбалари ва захиралаш тизимларини ривожлантириш, иқтисодиётда “углерод изи”ни камайтириш шулар жумласидан.

Қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирини шакллантирган ҳолда ўта муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, машинасозлик ва саноат ускуналарини ривожлантириш, замонавий юқори технологияли саноатлашган иқтисодиётни шакллантириш истиқболли йўналишлар қаторида қайд этилди.

Ахборот технологияларини ривожлантириш, жумладан, сунъий интеллект ва рақамлаштириш дастурларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Яна бир муҳим йўналиш ­– замонавий махсус иқтисодий зоналарни яратиб, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш орқали уларни юқори технологияли ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш ҳамда саноат кооперацияси марказларига айлантириш.

Мисол учун, JICA кўмагида Япония модели ва стандартлари асосида махсус иқтисодий зона барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида Ўзбекистон Японияни нафақат инвестор, балки келажак саноатини барпо этишда ўзининг стратегик ҳамкори сифатида билишини таъкидлади.

Ўз навбатида, Япония ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришга қатъий интилишини билдирди ҳамда устувор йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш борасидаги режаларини баён этди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш