Logo

Ўзбекистон Президентига ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди

Февраль 17, 2026. 17:51 • 4 дақ

54
Ўзбекистон Президентига ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди

ТОШКЕНТ, 17 февраль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун ипакчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатимизда ипакчилик ва пиллачилик аҳолини даромадли иш билан таъминлаш, қишлоқ жойларда бандликни ошириш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади. Лекин озуқа базасидан бошлаб пиллани чуқур қайта ишлашгача бўлган барча жараёнларда тўпланиб қолган муаммолар соҳа салоҳиятини тўлиқ ишга солишга тўсқинлик қилмоқда.

Хусусан, ипак қурти уруғининг салмоқли қисми импорт ҳисобига тўғри келмоқда. Маҳаллий уруғдан фойдаланиш даражасини 2030 йилгача 75 фоизга етказиш имкони борлиги, бунинг учун наслли уруғчилик станциялари фаолиятини тиклаш зарурлиги қайд этилди.

Тақдимотда Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги наслли уруғчилик станцияларида элита уруғлар тайёрлашни йўлга қўйиш, мавжуд 10 та ипак қурти уруғчилик корхонасига қўшимча жорий йилда Бухоро ва Наманганда 2 та янги уруғчилик корхонасини, 2027-2029 йилларда Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 4 та янги корхона ташкил этиш режалари ҳақида ахборот берилди.

Наслчилик ва уруғчилик корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга хорижий малакали мутахассисларни жалб қилиш, мавсумий ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатининг ярмини қоплаб бериш ҳамда уларнинг фаолиятини даромад ва ижтимоий солиқ объекти сифатида ҳисобламаслик таклиф этилди.

Пилла сифатини ошириш учун озуқа базасини яхшилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Озуқа базасини 2026-2030 йилларда босқичма-босқич кенгайтириш режалаштирилган. Жумладан, 8 минг гектарда янги тутзорлар барпо қилиш, 41,5 минг гектар майдонда якка қатор тут кўчатларини экиш, 15 минг гектардаги тутзорларни реконструкция қилиш назарда тутилган. Бунинг натижасида 2030 йилга қадар 200 миллионта тут кўчатлари экилиши ва озуқа базаси 30 фоизга ошиши кутилмоқда.

Пилла етиштириш ҳажмлари озуқа базасини таҳлил қилиш асосида прогнозлаштирилади. Хусусан, 2026 йилда 30 минг тонна, 2030 йилга бориб, 36 минг тонна пилла етиштиришга чиқиш режа қилинмоқда.

Соҳадаги ишлар янги тизим асосида ташкил этилади. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, вилоят ва туман “Агропилла” тузилмалари, ипакчилик кластерлари ўзаро мувофиқлашган тарзда иш юритиб, янги тутзорларни ташкил этишдан тортиб, етиштирилган пиллани сотиб олишгача бўлган барча босқичларда фермерлар, касаначилар ва қурт боқувчилар ишини ташкил этади ҳамда уларга кўмаклашади.

Кам даромадли, ижтимоий реестрга киритилган оилаларни пиллачиликка жалб этиш ва уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, жорий йилдан бошлаб “маҳалла еттилиги” орқали аҳолига 1 килограмм пилла қийматининг 35 фоизи миқдорида субсидия, парваришлаш жиҳозлари ва ускуналар харидига 20 миллион сўмгача ссуда ажратиш йўлга қўйилади.

Пиллачиликда саноат усулини кенгайтириш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Ҳозирда пилланинг асосий қисми хонадон шароитида етиштирилаётгани қайд этилар экан, махсус қуртхоналар ташкил этиш орқали ҳажм ва сифат барқарорлигини таъминлаш мумкинлиги таъкидланди. Кластерлар томонидан қуртхоналарни қуриш ва ишга туширишни рағбатлантириш, шу жумладан, қуртхоналарни ер ва мол-мулк солиғидан 2029 йил 1 январга қадар озод қилиш таклиф қилинди.

Экспорт ва қўшилган қийматни ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Айни пайтда маҳаллий пилладан юқори сифатли хом ипак олиш ва уни қайта ишлаш улуши пастлигича қолаётгани қайд этилди. Сифатни ошириш ва чуқур қайта ишлашни кенгайтириш ҳисобига экспорт тушумларини 250 миллион долларгача ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Жумладан, 2030 йилга қадар умумий қиймати 200 миллион долларлик 21 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш хом ипакни қайта ишлаш ҳажмини 3 минг тонна ва даражасини 75 фоизга етказиб, 18,5 миллион погон метр ипак мато ишлаб чиқариш имконини беради.

Экспортда тайёр маҳсулот улушини ошириш, янги бозорларни ўзлаштириш, миллий брендларни шакллантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Соҳага рақамли технологияларни кенг жорий қилиш зарурлиги қайд этилди. Озуқа базасининг ҳисоби, корхоналар реестри, соҳадаги ҳисоботлар ва ҳисоб-китобларни электрон шаклда юритиш, уруғлик ва пилла хомашёси ҳажмлари, пилла қабул қилиш пунктларини реал вақт режимида мониторинг қилиш жараёнларини қамраб олган ягона ахборот тизими ишлаб чиқилиши белгиланди.

Президентимиз ипакчиликни ривожлантириш бўйича таклифларни маъқуллаб, озуқа базасини мустаҳкамлаш, маҳаллий уруғчиликни кенгайтириш, саноат усулини жорий этиш ва тайёр маҳсулот улушини ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш