Logo

Ўзбекистон ва Россия Президентлари телефон орқали мулоқот чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар

Октябрь 14, 2025. 16:57 • 38 сония

199
Ўзбекистон ва Россия Президентлари телефон орқали мулоқот чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар

ТОШКЕНТ, 14 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражадаги келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг асосий кўрсаткичлари ўсиш суръатини сақлаб қолиш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари даражасидаги кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Гуманитар ҳамкорлик, энг аввало, маданият, санъат ва таълим соҳаларида, шу жумладан муҳандис кадрларни тайёрлаш борасида кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш