Logo

Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга давлат ташрифи якунланди

Июнь 25, 2025. 14:33 • 48 сония

128
Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга давлат ташрифи якунланди

ТОШКЕНТ, 25 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга давлат ташрифи бугун якунига етди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз етакчиси матбуот хизмати маълумотига кўра, тарихдаги биринчи бўлган ушбу ташриф Ўзбекистон-Мўғулистон муносабатларида янги босқични бошлаб берди ва кўп қиррали ҳамкорлик ривожи учун кенг имкониятлар очди.

Давлатимиз раҳбари кеча Улан-Батор шаҳрида Президент Ухнаагийн Хурэлсух билан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди. Амалий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, энг аввало, савдо-иқтисодиёт ва саноат соҳаларида кооперацияни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Якунда Кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди.

Президентлар рафиқалари билан икки мамлакат санъат усталарининг қўшма концертида иштирок этдилар. 

Бугун давлатимиз раҳбари рафиқаси билан "Их Тэнгэр" мажмуасига ташриф буюрди. Президентлар ва биринчи хонимлар биргаликда дарахт экдилар. Анъанавий "Наадам" ўйинлари томоша қилинди.

Ташриф тадбирлари якунлангач, Ўзбекистон Президенти Тошкентга жўнаб кетди. Аэропортда олий мартабали меҳмонларни Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Батцэцэг ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш