Ўзбекистон Президентининг Қатарга амалий ташрифи якунланди
Ноябрь 04, 2025. 15:25 • 2 дақ
• 214
ТОШКЕНТ, 4 ноябрь. /"Дунё" АА/. Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қатарга амалий ташрифи якунланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф доирасида Ўзбекистон етакчиси Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида иштирок этиб, унда барқарор ва инклюзив ижтимоий тараққиётни амалга ошириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланишни яхшилаш бўйича глобал шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари Доҳа шаҳрида Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан ҳам самарали музокара ўтказди.
Шайх Ҳамад номидаги халқаро аэропортда Ўзбекистон Президентини Бош вазир ўринбосари, мудофаа вазири Шайх Сауд бин Абдураҳмон Ол Соний ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.
Давлатимиз раҳбари АҚШ Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг "C5+1" форматидаги саммитида иштирок этиш учун Вашингтон шаҳрига жўнаб кетди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Президентимиз АҚШ Президенти Дональд Трамп, Конгресс Сенати ва Вакиллар палатаси аъзолари, АҚШ вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади.
Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиёнинг АҚШ билан минтақалараро ҳамкорлигини чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилади.
Ишбилармонлик дастури доирасида АҚШнинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари иштирокида учрашув ва тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Тадбирлар якунида қатор икки ва кўп томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Президенти Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига ташриф буюрди
Тошкентда йирик иссиқлик таъминоти маркази ишга туширилди