Хорижий дипломатлар Тошкент шаҳридаги "Ҳастимом" маҳалласида Наврўз айёмини кенг нишонламоқда
Апрель 26, 2025. 14:56 • 2 дақ
• 229
ТОШКЕНТ, 26 апрель. /"Дунё"/. Бугун пойтахтимизнинг "Ҳастимом" маҳалласида Наврўз сайиллари бўлиб ўтмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси томонидан Олмазор тумани ҳокимлиги ва "Diplomatic Women’s Club Tashkent" аъзолари кўмагида ташкил этилди.
Янгиланиш ва яшариш айёми тантаналарида Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этаяпти.
Баҳор айёми тантаналари ўзбекона муҳитда бўлиб ўтмоқда. Иштирокчилар ва меҳмонлар учун санъат усталари томондан маданий дастурлар ва саҳна кўринишлари намойиш этиляпти. Тадбир меҳмонлари, шунингдек, Ўзбекистонда Наврўз байрамини нишонлаш билан боғлик урф-одатлар, миллий қадриятлар ва мамлакатимизнинг бой мероси билан яқиндан танишмоқда.
Меҳмонларга Наврўз байрамининг ажралмас қисми бўлган сумалак ва кўк сомса ҳамда ўзбек палови ва турли мевалар тортиқ этиляпти.
Маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва дипломатик муносабатларни кучайтириш мақсадида ташкил этилган мазкур байрам сайли турли мамлакатлар ўртасидаги маданий алмашинув ва ҳамкорлик учун майдон вазифасини ўтайди. Шунингдек, Наврўз шодиёналари Ўзбекистоннинг бой маданий меросини намойиш қилиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Юй Цзюнь, Хитой элчиси:
– Бугун биз юқори даражада ташкил этилган тадбирда иштирок этяпмиз. Юртингизда Наврўз шукуҳи кезиб юрмоқда, биз буни ҳис этяпмиз ва бу катта аҳамиятга эга.
Наврўз байрамининг муҳим жиҳатларидан яна бири, одамлар ҳаётдан завқ олиб, ўзларининг гўзал анъаналари тарғиб қилиш орқали уларни келажак авлодларга етказмоқда.
Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан қадимий Тошкент шаҳри ҳар куни янги қиёфа касб этмоқда — замонавий ва обод шаҳарга айланмоқда. Шу билан бирга, мазкур кент ўзининг бетакрор ўзига хослигини ва тарихий меросини сақлаб қолган.
Мен бу ижобий ўзгаришларнинг шахсан гувоҳи бўлаётганимдан жуда мамнунман.
Ушбу имкониятдан фойдаланиб, яна бир бор барчани баҳор ва янгиланиш айёми – Наврўзи олам билан табриклайман.
Абдужаббор Раҳмонзода, Тожикистон элчиси:
– Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларини Наврўз байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Бугун дипломатик корпус вакиллари учун Наврўз байрами ва Тошкент шаҳар маҳаллаларининг тақдимоти каби ажойиб ва гўзал тадбир уюштирилганидан жуда мамнунман.
Дарҳақиқат, Тошкент маҳаллалари ўзига хос хусусиятлари, ранг-баранглиги ва миллий анъаналари билан ажралиб туради.
Асрлар давомида маҳалла нафақат ўзбеклар, балки тожиклар учун ҳам жамиятнинг муҳим маркази бўлиб келган. Маҳаллада турли маданий тадбирлар ўтказилиб, яқин қўшничилик ва ўзаро ёрдам каби анъаналар мустаҳкамланган.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқига Наврўз байрами муносабати билан яна бир бор самимий табрикларимни йўллайман. Барчангизга тинчлик, фаровонлик, бахт ва омад тилайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Исломободда “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” номли китоб тақдимоти ўтказилди
Женевадаги Миллатлар саройида Ўзбекистон Конституцияси куни ўтказилди
Женевада “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китобининг тақдимоти бўлди
“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди
Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири кубоги учун тезкор шахмат турнири ўтказилмоқда