Logo

ЖИДУда "Ўзбекистоннинг "юмшоқ куч" дипломатияси омили сифатида мерос. Маънолар ҳудуди" монографиясининг тақдимоти бўлиб ўтди

Октябрь 07, 2025. 15:42 • 2 дақ

96
ЖИДУда "Ўзбекистоннинг "юмшоқ куч" дипломатияси омили сифатида мерос. Маънолар ҳудуди" монографиясининг тақдимоти бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 7 октябрь. /"Дунё" АА/. Бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) Ўзбекистоннинг маданий мероси мамлакатнинг халқаро сиёсатини ва "юмшоқ куч" воситаларини шакллантиришдаги ролини ёритувчи монографиянинг тақдимоти ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Монография муаллифи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, фалсафа фанлари доктори Шаҳноза Ғаниева.

Тадбир Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддилари, хорижий давлатлар элчилари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, илмий ва академик доиралар вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, маҳаллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари иштирокида бўлиб ўтди.

Тақдимотда сўзга чиққанлар монографиянинг Ўзбекистон тарихий ва маданий меросининг давлат ташқи сиёсий қиёфасини шакллантиришдаги ролини ўрганишга бағишланган фундаментал илмий тадқиқот сифатидаги долзарблигини таъкидладилар.

Таъкидланганидек, сиёсий таъсир воситаси сифатида "юмшоқ куч"ни ўрганиш чуқур тарихга эга бўлган ноёб меросга эга Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, монография нафақат маданий дипломатиянинг моҳиятини очиб беради, балки тарихий мероснинг ташқи сиёсатнинг муҳим воситасига қандай айланишини ҳам кўрсатиб беради.

Тадқиқот стратегияси нуфузли музейлар ва қўлёзма фондларидаги тўпламларни ўрганишга асосланади. Бу тўпламларнинг кўпчилиги илк бор батафсил таҳлил учун тақдим этилган бўлиб, Ўзбекистоннинг қадимги давридан ХХ аср биринчи ярмигача бўлган маданияти ва санъатини ўрганувчи тадқиқотчилар учун бебаҳо маълумотлар манбаидир.

Монографиянинг ҳар бир боби бой фактологик ва таҳлилий асосга эга бўлиб, ҳаволалар, изоҳлар ва артефактлар тавсифлари билан таъминланган. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, Шаҳноза Ғаниеванинг ушбу асари нафақат соф илмий тадқиқот, балки ташқи сиёсат, маданий дипломатия, музей иши ва шарқшунослик соҳасидаги мутахассислар учун амалий қўлланма ҳамдир. Бир қатор қоидаларни Ўзбекистоннинг маданий стратегиялари ва дипломатик ташаббусларини ишлаб чиқишда қўллаш мумкин.

Тадбир иштирокчиларининг фикрича, "Ўзбекистоннинг "юмшоқ куч" дипломатияси омили сифатида мерос. Маънолар ҳудуди" номли монография замонавий дунёда тарих, санъат ва сиёсатнинг ўзаро боғлиқлигини акс эттирувчи маданий дипломатия ҳақидаги илмий фикрни ривожлантиришга қўшилган муҳим ҳиссадир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш