Logo

Ўзбекистон ва Кот-д’Ивуар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди

Апрель 30, 2025. 15:28 • 42 сония

300
Ўзбекистон ва Кот-д’Ивуар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди

НЬЮ-ЙОРК, 30 апрель. /"Дунё" АА/. 29 апрель куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Кот-д’Ивуар Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар  қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Кот-д’Ивуарнинг БМТдаги доимий вакили Тиемоко Морико имзолади.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топиш учун икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Шу тариқа, Ғарбий Африкада жойлашган Кот-д’Ивуар Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 160-давлатга айланди.

Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Африка қитъа мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштиришда муҳим қадам бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 159-давлат Тинч океанидаги орол-мамлакат, Ер юзидаги энг кичик мустақил республика – Науру ҳисобланади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш