Флоридада ватандошлар муаммолари жойида ҳал қилиниб, ҳайит дастурхони ёзилди

Май 29, 2026. 14:40 • 2 дақ

120
Флоридада ватандошлар муаммолари жойида ҳал қилиниб, ҳайит дастурхони ёзилди
Флоридада ватандошлар муаммолари жойида ҳал қилиниб, ҳайит дастурхони ёзилди
Флоридада ватандошлар муаммолари жойида ҳал қилиниб, ҳайит дастурхони ёзилди

ФЛОРИДА, 29 май. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихона томонидан Флорида штати Орландо шаҳрида ватандошлар учун сайёр консуллик қабули ҳамда эҳсон дастурхони ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Қабул жараёнида кўплаб ватандошлар муддати тугаётган паспортларини янгилаш, нотариал ҳаракатларни жойида амалга ошириш ва бошқа консуллик хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлди. Улар ўз муаммоларига тез ва қулай ечим топилгани элчихона ходимларига миннатдорлик билдирди.

Шу билан бирга, фуқароларга АҚШ миграция қонунчилиги бўйича тушунтиришлар берилди. Хусусан, мамлакатга қонуний кириб келиш, қонуний асосда яшаш ва меҳнат қилиш, шахсий ҳужжатларни ўз вақтида янгилаб бориш, ҳуқуқбузарликлар ҳамда турли ёт ғоялар таъсиридан сақланиш бўйича профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Ватандошлар элчихона ходимлари томонидан Қурбон ҳайити арафасида кўрсатилган бу каби савобли ва зарур консуллик хизматларини алоҳида мамнуният билан қабул қилганини таъкидлади. Мурожаатларни шахсан тақдим этиш ва жонли мулоқот қилиш имконияти яратилганидан мамнун эканини билдирди.

Тадбир иштирокчилари мамлакатимиз раҳбарияти томонидан юритилаётган инсонпарвар ва очиқ сиёсат натижасида хорижда, айниқса узоқ ҳудудларда яшаб келаётган ватандошлар ҳам давлат эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаётганини алоҳида қайд этди. Улар келгусида ҳам бундай сайёр консуллик хизматларини мунтазам ташкил этишга умид билдириб, Ўзбекистон ҳукумати ва элчихона вакилларига самимий миннатдорлик изҳор этди.

Шунингдек, Орландо шаҳрида жойлашган “Al Bukhari Islamic Center” ўзбек диаспораси жамияти билан ҳамкорликда муборак Қурбон ҳайити муносабати билан эҳсон дастурхони ёзилди.

Мазкур тадбир хорижда яшаётган ватандошларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликни кенг тарғиб қилиш, давлат ва диаспора ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, АҚШда яшовчи юртдошларимизни жипслаштириш мақсадида ўтказилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш