Logo

Малайзиядаги Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масалалари доимий эътиборда

Август 18, 2024. 08:08 • 2 дақ

378
Малайзиядаги Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масалалари доимий эътиборда

КУАЛА-ЛУМПУР, 18 август. /"Дунё" АА/.  Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Малайзия Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги "Семених" хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш маркази раҳбари Моҳд Рози бин Хассан билан учрашдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Малайзия томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан мамлакатимизда хавфсиз ташқи меҳнат миграциясини ташкил этиш, хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.


Сўнгги йилларда Ўзбекистон дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакат фуқаролари учун виза тартибини соддалаштиргани ҳамда электрон виза тизими жорий этгани таъкидланди.


Марказ раҳбари Моҳд Рози бин Хассан ҳозирги вақтда Малайзияга кириш учун дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакат фуқароларига, шу жумладан ўзбекистонликлар учун 30 кунгача визасиз режим амал қилаётганини билдирди.


"2023 йилда Малайзияга 29 миллион хорижий фуқаролар турли мақсадларда келган. Бироқ, чет элликлар томонидан Малайзияда бўлиб туриш қонун-қоидаларини бузиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Ўзбекистонликлар Малайзия миграция тартиб-қоидаларига риоя қилмоқда ва хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида Ўзбекистон фуқаролари йўқ", - деди у.  


Малайзия томони, шунингдек, хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказларини бошқариш бўйича тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистоннинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёрлигини билдирди.


Учрашув давомида дипломатик миссия ва мазкур муассаса ўртасида тегишли масалалар бўйича яқин алоқаларни ўрнатиш, Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда ҳуқуқий ва бошқа ёрдамларни кўрсатиш бўйича келишиб олинди.


 "Семених" хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида Малайзияда миграция режими билан боғлиқ қонунбузарликларни содир этган чет элликлар ўз Ватанларига депортация бўлгунга қадар сақланади. 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш