Чехияда “Тинчлик волонтёрлари” гуруҳи ўз фаолиятини бошлади
Ноябрь 23, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 182
ПРАГА, 23 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида “Тинчлик волонтёрлари” гуруҳининг илк учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Чехияда истиқомат қилаётган ва таҳсил олаётган 30 нафардан ортиқ ватандош иштирок этиб, ҳаракатнинг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари ҳамда истиқболдаги режалари билан танишди.
Мулоқот давомида ёшлар ўртасида волонтёрлик маданиятини ривожлантириш, ватандошларни жамоатчилик ишларига кенг жалб этиш, халқ дипломатиясини мустаҳкамлаш, миллий маданият ва ўзбек тилини хорижда тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида энг фаол иштирокчилардан иборат 15 нафар ватандошдан ташкил топган дастлабки волонтёрлар гуруҳи шакллантирилди. Гуруҳ фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида махсус telegram гуруҳи ташкил этилди.
Учрашувда 2026–2027 йилларга мўлжалланган фаолият режаси ҳам муҳокама қилиниб, маданий-гуманитар, таълимий ва спорт тадбирларини ташкил этиш, ўзбек тили ва миллий қадриятларни тарғиб қилиш, волонтёрлик ҳамда халқ дипломатияси йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Мазкур тадбир Чехияда “Тинчлик волонтёрлари” ҳаракати фаолиятини йўлга қўйишда муҳим қадам бўлиб, хориждаги ватандошларни ягона эзгу мақсад – тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ғоялари атрофида бирлаштиришга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси