Ватандошимиз мурожаати асосида унинг чақалоғи Беларусдан Ўзбекистонга қайтарилди

Июль 14, 2026. 12:00 • 59 сония

245
Ватандошимиз мурожаати асосида унинг чақалоғи Беларусдан Ўзбекистонга қайтарилди

МИНСК, 14 июль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Беларусдаги элчихонаси вакиллари ушбу давлатдаги ҳамюртимиз Р.Р.нинг мурожаатидан сўнг, унинг яқинда туғилган фарзандини Ўзбекистонга қайтаришга кўмаклашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Аввалроқ, Ўзбекистон дипломатларининг Минскдаги 1-сон тергов ҳибсхонасига ташрифи чоғида мазкур муассасада сақланаётган  ватандошимиз тез кунда туғилажак фарзандини Ўзбекистонга қайтариш ва уни яқин қариндошлари қарамоғига топшириш бўйича амалий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилганди.

Шундан сўнг, ушбу мурожаат бўйича элчихона томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ваколатли давлат идоралари билан ҳамкорликда зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди. Дипломатларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида қисқа вақт ичида яқинда туғилган чақалоқ юртимизга қайтарилди. Айни пайтда бола яқин қариндошлари қарамоғига топширилган.

Юртимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари вакиллари хорижда бўлиб турган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар қандай ҳолатда ҳам уларга ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятини изчил давом эттирмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш