Ўзбекистон делегацияси Беларуснинг пенитенциар муассасаларидаги ватандошлар ҳолидан хабар олди
Май 19, 2026. 17:25 • 2 дақ
• 18МИНСК, 19 май. /“Дунё” АА/. МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг халқаро анжуманидаги иштироки доирасида Ўзбекистон делегацияси Беларусь ИИВ ЖИДга қарашли Тергов ҳибсхонаси ва Маҳкумлар учун республика шифохонасини бориб кўрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев, Омбудсман девонининг етакчи маслаҳатчисиси Дониёр Тўраев, мамлакатимизнинг Минск шаҳридаги консули Нодир Усаров ҳамда МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Евгения Парамонова иштирок этди.
Бунда пенитенциар муассасада сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалаларини ўрганиш ҳамда зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалалари асосий диққат марказида бўлди.
Ташриф чоғида тергов ҳибсхонасида сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан суҳбат ўтказилди. Уларга ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ваколатли органларга мурожаат қилиш имкониятлари ҳамда консуллик муассасаси билан ўзаро алоқа қилиш тартибига оид айрим масалалар тушунтирилди.
Мулоқот асносида ҳибсхонасида сақланаётган юртдошларимизнинг процессуал кафолатларга риоя этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тартиби тўғрисида зарур ахборот олишини таъминлаш ҳолатлари ўрганилди. Уларнинг консуллик ёрдамидан фойдаланиш имкониятини яратиш, шунингдек, яқинлари билан алоқа қилиб туриши каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатмиз делегациясининг мазкур тергов ҳибсхонасида бўлиши ва Ўзбекистон фуқаролари билан учрашиши МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси фаолияти доирасида давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, Беларусь ҳудудида бўлиб турган фуқароларимизни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим амалий тадбир бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






