Ўзбекистон ва Буюк Британия хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди
Ноябрь 04, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 69
ЛОНДОН, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан “Hamroh” компаниясининг халқаро инвестициялар ва стратегик ҳамкорлик бўйича бош директори ўринбосари Сардор Юсупов ҳамда Буюк Британиянинг “Cherie Blair Foundation for Women” (CBFW) халқаро хайрия ташкилоти директори Кейт Малхерн ўртасида онлайн-учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув чоғида ўзбек томони Ўзбекистон Президенти қарорига мувофиқ хотин-қизлар тадбиркорлигини тизимли қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йилда ташкил этилган “Hamroh” компанияси фаолияти ҳақида маълумот берди. Компания аёлларга тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, бизнесни ташкил этиш ва расмий рўйхатдан ўтказиш, бандликни ошириш ҳамда янги бозорларга чиқишда яқиндан ёрдам беради.
Кейт Малхерн фондининг асосий фаолият йўналишлари, хусусан, ривожланаётган мамлакатларда аёл тадбиркорларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслари ҳақида сўзлаб берди. Фонд таълим ва молиявий ресурслардан фойдаланишни енгиллаштириш, шунингдек, рақамли технологияларни ўзлаштиришга кўмаклашади.
Мулоқот чоғида ташкилотнинг халқаро ташаббуслари, жумладан, БМТ тузилмалари билан ҳамкорликдаги лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Фонд хотин-қизлар бизнесини қўллаб-қувватлаш доирасида “HerVenture” мобил иловаси каби рақамли воситаларни ҳам жорий этиб келмоқда.
Томонлар истиқболли ҳамкорлик йўналишларини, шу жумладан, ёш аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, мураббийлик дастурларини ишга тушириш ҳамда тренерларнинг малакасини ошириш учун маҳорат курсларини ташкил этиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида иштирокчилар белгиланган йўналишлар бўйича ҳамкорлик имкониятларини ўрганиб чиқиш ва мунтазам ишбилармонлик алоқаларини давом эттиришга келишиб олдилар.
CBFW фондига 2008 йилда Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэрнинг турмуш ўртоғи Шери Блэр томонидан асос солинган бўлиб, унинг қароргоҳи Лондон шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда мазкур ташкилот Африка, Осиё, Яқин Шарқ ва Лотин Америкасининг 100 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритиб, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиб келмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси