Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида юқори сифатли ёнилғи ишлаб чиқариш кўпайтирилади

Ноябрь 03, 2026. 20:14 • 2 дақ

• 16
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида юқори сифатли ёнилғи ишлаб чиқариш кўпайтирилади

ТОШКЕНТ, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Қоровулбозор туманидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ташриф буюриб, корхонани модернизация қилиш лойиҳаси билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, завод мамлакатимизда ёнилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири. Бу ерда 3 минг 200 нафардан зиёд мутахассис меҳнат қилмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида 1,36 миллион тонна, қиймати 12,1 триллион сўм бўлган нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Маҳсулот ҳамда хизматлар экспорти 99,5 миллион долларни ташкил этди. Йил якунигача бу кўрсаткични 116 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарига тақдим этилган модернизация лойиҳаси хомашёни қайта ишлаш ҳажмини ошириш билан бирга юқори октанли бензин ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 328 миллион долларни ташкил этади.

Шунингдек ўқинг

Унинг доирасида нафтани гидротозалаш ва изомеризация қилиш қурилмалари ўрнатилади. Гидротозалаш жараёнида хомашё таркибидаги олтингугурт ва бошқа аралашмалар камайтирилади. Изомеризация эса енгил фракциялардан олинадиган бензиннинг октан сонини ошириш имконини беради. Мазкур жараёнлар Евро-5 талабларига жавоб берадиган АИ-92 ва АИ-95 русумли бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун муҳимдир.

Лойиҳада хомашёни фракцияларга ажратиш ва оғир қолдиқларни чуқур қайта ишлашни такомиллаштириш ҳам назарда тутилган. Натижада заводнинг йиллик қайта ишлаш қувватига яна 2,5 миллион тонна қўшилиб, умумий қувват 5 миллион тоннага етади. Қайта ишлаш ҳажми ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ортиши ички бозор таъминотини мустаҳкамлаш, экспортни кўпайтириш имконини яратади.

Президентимиз модернизация ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифат билан бажариш, янги қурилмаларни мавжуд ишлаб чиқариш жараёнларига уйғун ҳолда жорий этиш ҳамда корхонанинг барқарор фаолиятини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди ҳамда лойиҳада иштирок этаётган хорижий компаниялар вакиллари билан мулоқот қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш