Ўзбекистонлик мутахассислар Австрия виночилик мактабида тажриба оширади
Сентябрь 11, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 158
КРЕМС, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Австриядаги Кремс узумчилик ва боғдорчилик мактаби директори Дитер Фалтл билан учрашди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
1875 йилда ташкил этилган мактаб 2025 йилда ўзининг 150 йиллик юбилейини нишонлади. Бугунги кунда ушбу муассаса назарий билим, амалий машғулот ҳамда тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш йўлида самарали фаолият юритиб келмоқда.
Мактабда тўққиз мамлакатдан 100 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олади. Таълим жараёнига 53 нафардан зиёд ўқитувчи ва мутахассис масъул. Амалиёт мактабнинг 18 гектарлик узумзорларида ўтказилиб, хомашё етиштиришдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ жараённи қамраб олади.
Муассаса замонавий вино омбори, лаборатория, сенсор студияси ва ихтисослаштирилган устахоналарга эга бўлиб, бу ерда жами 70 турдаги турли ичимликлар ишлаб чиқарилади.
Учрашувда томонлар ишлаб чиқариш технологиялари, сифат назорати, маркетинг, савдо, молиявий ҳисоб, бизнес бошқаруви ва вино туризми йўналишлари ҳамда “Weinmanagement” дастури бўйича фикр-мулоҳаза алмашди.
Мулоқот чоғида ўзбекистонлик мутахассислар ва ўқитувчилар учун стажировкалар ҳамда қисқа муддатли таълим дастурларини ташкил этиш, қўшма семинарлар ўтказиш, тажриба ошириш ва экспертлар алмашинувини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
“Weinmanagement” дастури элементларини Ўзбекистоннинг таълим дастурларига мослаштириш, вино ва гастрономик туризмни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилиш каби муҳим масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Дитер Фалтл Ўзбекистоннинг вино ишлаб чиқариш, сифатни бошқариш ва маркетинг соҳаларида кадрлар салоҳиятини ошириш учун мактабнинг бой тажрибасини тақдим этишга тайёрлигини билдириб, узоқ муддатли ҳамкорликдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Учрашув якунида мактаб раҳбарияти бошчилигидаги делегация жорий йил 26–28 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО шафелигидаги “Global TVET&Skills Summit” халқаро саммитида иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси