Logo

Деҳли шаҳрида Ўзбекистон-Ҳиндистон таълим форуми ўтказилади

Май 23, 2025. 00:53 • 59 сония

165
Деҳли шаҳрида Ўзбекистон-Ҳиндистон таълим форуми ўтказилади

ДЕҲЛИ, 23 май. /"Дунё" АА/. Деҳли шаҳрида Ўзбекистон ва Ҳиндистон олий таълим муассасалари форуми ўтказилади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси ва Ҳиндистоннинг "MD House" компанияси томонидан 25 май куни ташкил этилаётган тадбирда икки мамлакат олий таълим муассасалари делегациялари иштирок этади.

Сўнгги йилларда ҳиндистонлик ёшларнинг Ўзбекистон университетларида таълим олишга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Мамлакатимиз ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, таълим тизимининг халқаро андозаларга уйғунлиги, олий билим юртларида хорижлик ёшлар учун яратилган қулай шароитлар, хусусан, улар учун таълим бериш инглиз тилида олиб борилаётгани ва бошқа жозибадор жиҳатлар бунга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонда чет давлатлардан келган талабалар учун қулай яшаш шароити ва хавфсиз муҳит яратилгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон университетлари делегациялари ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболларини муҳокама қилиши, улар ўртасида англашув меморандумлари имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон вакиллари ёшларнинг хорижда таълим олишини ташкил қилиш билан шуғулланадиган йирик компаниялар билан музокаралар ўтказади.

Сўнгги йилларда олий таълим давлатлараро ҳамкорликнинг самарали йўналишларидан бирига айланган. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон университетлари ва институтларида 10 мингга яқин ҳиндистонлик ёшлар таҳсил олмоқда. Бу кўрсаткич йилдан йилга ўсиб бормоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш